Криштиану бир оёғи билан «Ювентус»да. Ҳозирча бу ҳақда нималар маълум?
July 5, 2018, 9:43 p.m. 13571

Бугун интернетни Криштиану Роналдунинг «Ювентус»га ўтиши ҳақидаги хабарлар тўлдирди. Кечки хабарлар фақат шу трансфер бўйича бўлмоқда. Қуйида айни вақтга келиб, бу трансфер амалга ошишига ундайдиган сабабларни кўриб чиқамиз.

Ҳаммаси қачон бошланганди?

Испаниядаги Marca нашри хабарига кўра, бу ярим йил олдиноқ ҳал бўлганди. Хабарга кўра, футболчи билан шартнома узайтирилиши жараёнида зиддият юзага келган. Ўшанда португалиялик футболчи ўзининг норозилигини яширмаган. «Гап пулда эмас, мақомда», — деган у. 

Роналду ўзини алданган деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, клуб президенти Флорентино Перес ўз мажбуриятларини бажаришни ортга сурган. Marca хабарига кўра, футболчи  Пересдан яна шунинг учун хафа бўлганки, футболчининг шартномасида бадал пули сифатида жуда кам миқдордаги маблағ белгиланган - 100 млн евро. «Агар мен 100 млн турсам, демак бу ердагилар менинг қолишимни исташмас экан» — бу ибора Испанияда январь ойидаги газеталар сонлари муқовасидан ўрин олганди. 

Охирги хабарлар

2 июнь куни Corriere dello Sport футболчи Мадридда қолиши учун йилига 80 миллион евро талаб қилаётгани (солиқлар билан бирга) ҳақида хабар берилди. Кўп ўтмасдан клуб бунча пул тўлай олмаслиги аён бўлди. 

Marca нашри кеча Криштиану Туринда уй излаётгани ҳақида хабар тарқатди. Худди шу вақтда футболчига Туриндагилар йилига 30 млн евродан маош (солиқлар чиқариб ташланганда) тўлаш назарда тутилаётган 4 йиллик шартнома таклиф қилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Таққослаш учун, унинг Мадрид жамоасидаги ҳозирги йиллик маоши миқдори 21 млн еврони ташкил этади (солиқлар чиқариб ташланганида).

Ўз навбатида «Реал» ва «Ювентус» футболчи трансфери нархи бўйича бир тўхтамга келмаган, мадридликлар футболчи учун 100 миллион евродан кўпроқ ишлаб олмоқчи, туринликлар эса 100 миллион евродан кўп тўламоқчи эмас.

El Chiringuito портали хабарига кўра, 4 июль куни кечқурун Роналдунинг агенти Жорже Мендеш ва «Реал» раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилган: Флорентин Перес ва клуб бош директори Хосе Анхель Санчес иштирокида. Учрашув якунида клуб футболчисини «Ювентус»га қўйиб юборишга рози бўлган.

SportMediaset хабарига кўра эса Роналду шу ҳафтанинг шанба кунида, 7 июль куни Туринга учиб бориб, «Ювентус» билан шартномага имзо чекади ҳамда янги жамоаси томонидан таништирилади.

Бугун Италиядаги нашрларнинг муқовалари Роналдуга бағишланди. Бу Corriere dello sport, бу Туриндаги Tuttosport ва Stampa.

Испанияда Marca ҳам фақат Роналду ҳақида ёзмоқда.

Трансфер ҳақида ким нима демоқда?

«Ювентус»нинг собиқ бош директори Лучано Моджи твиттерида шундай ёзди: «Менга маълум бўлишича Роналду ва «Ювентус» ўртасидаги келишув имзолаб бўлинган».

Блез Матюиди: «Ювентус»да Роналду билан бирга ўйнасак, ажойиб иш бўларди. У дунёнинг энг зўр футболчиларидан, агар у келса бизга ҳам, клубга ва мухлисларга ҳам яхши бўларди».

Николас Игуаин (Гонсало Игуаиннинг акаси ва агенти): Криштиану ҳозирча Гонсало билан «Ювентус» ҳақида гаплашмаган. Аммо улар аввал биргаликда тўп суришган, улар яна бирга тандем ҳосил қилишлари мумкин».

Лотар Маттеус: «Менимча, Криштиану Роналду «Реал»да қолади. У дунёнинг энг яхши клубида ўйнайди, унинг «Ювентус»га ўтиши учун сабаб кўрмаяпман. А Серия даражаси аввалгидек юқори эмас. Охирги йилларда итальян клублари Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасидаги натижаларини яхшилай бошлаган бўлишсада, улар ҳали испан ва инглиз клублари даражасига ета олишмайди. Италия футболи Роналду учун эмас».

Агар трансфер амалга ошса, нима бўлади?

Гонсало Игуаиннинг акасининг оптимистик қарашларига қарамасдан, Роналду ва Игуаин жамоада бирга ҳаракат қилишига кўз етмайди. Кўп эҳтимолки, Аллегри Роналдуни Дибала билан бирга ўйнатади ёки Роналду майдон марказида ягона ҳужумчи сифатида ҳаракат қилиб, унга қанотларда Марио Манжукич ва Дуглас Коста ёрдам беради.

Италия нашрлари португалиялик футболчи «Ювентус»га қанчага тушишини ҳисоблаб чиқишган, футболчининг трансфер нархидан ташқари, унга «4+1» шартнома бўйича жами тўланадиган маблағлар билан қўшиб ҳисобланганда, умумий инвестиция миқдори 350 млн евродан ортиқ бўлади. Шу туфайли туринликлар молиявий фэйр-плейга амал қилиш учун футболчиларини сотишига ҳам тўғри келади.

Инглиз матбуотидаги хабарларга, хусусан, The Mirror хабарига кўра Марио Манжукич «Манчестер Юнайтед»га ўтиши мумкин. Sport Mediaset хабарига кўра эса, «Ювентус» Гонсало Игуаинни «Челси»га 60 миллион еврога сотишга рози. 

Италияда айни вақтда «Ювентус»нинг Роналду фамилияси туширилган футболкалари сотилиши бошланган.

Вазиятни таниқли карикатурачи Омар Момани ҳам тасвирлаган.