«Металлург» янги футболчиларни таркибга қўшиб олди
July 4, 2018, 10:11 p.m. 3146

Давралар оралиғида Бекободнинг «Металлург» клуби таркибида жиддий ўзгаришлар кузатилди. 

Биринчи даврада «Металлург» шарафини ҳимоя этган баъзи ўйинчилар билан хайрлашилди. Жумладан, ҳимоячи Дилёрбек Ирматов Фарғонанинг «Нефтчи» клубига қайтиб кетди. Ҳужумчи Павел Пуришкин эса Самарқанднинг «Динамо» клубида қўним топди. Шунингдек, асосий таркиб ўйинчиларидан Жавоҳир Соҳибов, Никита Рибкин, Саиджамол Давлатжонов, Жамшид Юсупов, Жавлон Мирабдуллаев, ёшлар таркиби аъзолари Ҳусниддин Салайдинов, Акобир Қаюмов, Тимур Маматмуродов, Суҳроб Ғайбуллаев, Маҳмуджон Норқўзиев, Шоҳжаҳон Нишонов, Абдуллоҳ Исломовга бошқа клубга ўтишига рухсат берилди. 

«Металлург» таркибига янги келиб қўшилган футболчилар ҳам бор. Мураббийлар штаби «Пахтакор»дан ижара асосида олинган Станислав Андреев, ОКМК клубидан таркибга келиб қўшилган Отабек Зокиров, «Бухоро» клуби собиқ посбони Сардор Қобулжонов, «Бунёдкор» вакили Давронбек Умуров ва «Қўқон-1912» клубида фаолият юритган Баҳодир Пардаевнинг асосий таркиб ўйинини кучайтиришига умид боғлаяпти. 

Тожикистон Республикасининг ЦСКА «Помир» клуби ҳимоячиси Зоир Жўрабоев ҳам асосий таркибга кириш учун жиддий бел боғлаган. Камрон Саидазимов, Иброҳим Йўлдошев, Роман Жўраев, Шаҳзодбек Ғофурбеков, Муҳриддин Ботиров, Маҳмуджон Қудратиллаев ёшлар таркибидан муқим жой эгаллашига ва тез орада асосий таркибнинг яқин ўринбосарлари сифатида камолга етишига умид боғланмоқда.

4 июль куни «Металлург» вакиллари Профессионал футбол лигаси спорт бўлимига мазкур футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этди.