Карлуш Кейрушнинг Эрондаги тақдири ноаниқлигича қолмоқда
July 3, 2018, 12:09 p.m. 2278

Ўтган ҳафта Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож терма жамоа бош мураббийи Карлуш Кейрушнинг ўз лавозимида қолишини маълум қилгани ҳақида хабар бериб ўтгандик.

«Кейруш терма жамоа бош мураббийи сифатида қолишга рози бўлди. Энди у билан янги шартнома бўйича музокара олиб борамиз. Кейруш БААда бўлиб ўтадиган Осиё кубоги – 2019 якунига қадар терма жамоа бошқарувида қолади», - деганди ЭФФ президенти.

Бироқ форс матбуотида тарқалаётган хабарларга кўра, ҳозирча бу масала тўла-тўкис ҳал бўлган эмас. Жумладан, Кейрушга яқин манбалардан бири шундай деган: «Эрон футбол федерациясидан янги таклиф бўлди, бироқ ҳали якуний келишувга эришилганича йўқ. Федерациянинг Осиё кубогигача бўлган вақтда мураббийга қандай шароитларни яратиб бериши ҳозирда асосий масала бўлиб турибди».

«Айни вақтдаги реал вазиятда Карлуш Кейрушнинг ЭФФ билан шартномаси июль ойи охирида якунига етади. Қўшимча қилишим мумкинки, мураббий олдида Эрон термасидан ташқари яна бошқа таклифлар ҳам етарли», - деган Persianfootball нашри манбаси.