Йоахим Лёв кейинги жаҳон чемпионатида ҳам терма жамоани бошқаришга қарор қилди
July 3, 2018, 3:08 p.m. 1519

ЖЧ-2018 турнирини гуруҳ босқичидаёқ якунлаган Германия терма жамоасида бош мураббий ўзгармайди, Йоахим Лёв ўз лавозимида қолишга ва терма жамоани 2022 йилги жаҳон чемпионатига ҳам тайёрлашга қарор қилган. Бу ҳақда Bild хабар тарқатди.

Май ойи ўрталарида Лёв терма жамоа билан шартномани 2022 йилгача узайтирганди ва Немис футбол иттифоқини Россиядаги жаҳон чемпионатидаги натижадан қатъи назар бошқаришда давом эттиришига рози қилганди.

ЖЧ-2018 турнирида немислар F гуруҳида Швеция, Мексика ва Жанубий Корея терма жамоаларидан ортда қолиб, муддатидан аввал турнирни тарк этди.

Маълум қилинишича, терма жамоа турнирдаги иштирокини тўхтатганидан кейин Лёв 5 кун мобайнида ўз келажаги борасида ўйлаган ва қолишга қарор қилган. 58 ёшли ушбу мутахассиснинг қарорига Немис футбол иттифоқи президенти Рейнард Гриндель корейсларга қарши ўйиндан кейин ҳам ишонч билдиришда давом этаётгани ижобий таъсир ўтказган.

Лёв Германия терма жамоасини 2006 йилдан буён бошқариб келади. Унинг раҳбарлигида жамоа 2014 йилги жаҳон чемпионатида ва 2017 йилги Конфедерациялар кубогида ғалаба қозонган. Шунингдек, жамоа 2008 йили Европа вице-чемпиони, 2010 йили эса жаҳон чемпионатида учинчи ўрин соҳиби бўлган.