Дешам нимчорак финалда Мессидан хавфсирамоқда
June 30, 2018, 3:56 p.m. 2601

Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам ЖЧ-2018 нимчорак финалидаги Аргентинага қарши бўладиган ўйин олдидан фикрларини билдириб ўтди.

«Жамоамизда тажриба камлиги рост, бироқ ўйинда индивидуаллик ҳам муҳим. Мессининг тажрибасига тан бермай илож йўқ. Ўйинда уни қуролсизлантиришимиз керак, лекин у кўп куч сарфламасдан ҳам ғалабани таъминлай оладиган ўйинчи. Мессини қандай қилиб тўхтатиб қолиш бўйича бир нечта вариантлар бор.

Аргентина терма жамоасининг ўзи ҳам ўта тажрибали. Уларда Мессидан ташқари Маскерано ҳам бор. Бизнинг таркибимиз эса анча ёш, шундай бўлса-да эртанги ўйинда рақибга муаммо туғдира олишимиз аниқ. Таркибимизда Месси билан яхши таниш бўлган Ла лиганинг уч нафар ҳимоячиси бор. Улар бизга ёрдам бера олишадими? Ўйиндан кейин бу саволингизга ижобий жавоб бера оламан, деган умиддаман. Улар Мессини аниқ зарарсизлантира олади, дея олмайман-у, лекин бу биз учун катта плюс. Балки ҳимоячиларимиз Мессининг ўйинини ўқишнинг уддасидан чиқар, бироқ у қандай ўйин кўрсатишини башорат қилиб бўлмайди», - деди Дешам.

Эслатиб ўтамиз, Франция – Аргентина баҳси бугун Тошкент вақти билан 21:00да бошланади.