Узбек O'zbek
МОҚ: Ўзбекистонда дзюдо футболдан ҳам оммавийроқ спорт турига айлантирилади
Жума, 29 Июн
2284

Кеча пойтахтимиздаги Осиё дзюдо марказида Ўзбекистон дзюдо федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов, шунингдек, Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасаддилари иштирок этишди. Бу ҳақда МОҚ сайти хабар берди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Мўминов бошқа ишга ўтгани муносабати билан ташкилотга янги раҳбар сайланиши лозим эди. Йиғилиш қатнашчиларининг таклиф ва мулоҳазалари, фикрлари инобатга олиниб, Ўзбекистон дзюдо федерациясига Олимпия ўйинлари совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Армен Багдасаров вақтинчалик раис вазифасини бажарувчи этиб сайланди.

Шунингдек, конференция давомида Фарход Тўраев Ўзбекистон миллий терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланиб, спортчиларимизни бевосита Осиё ўйинларига тайёрлайдиган бўлди.

Ҳисобот-сайлов конференциясида федерациянинг янги раҳбари олдига бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Осиё ўйинларида натижалар самарадорлигини ошириш, дзюдонинг оммавийлигини янада кўтариш, бу борада спортнинг ушбу тури оммавийлигини керак бўлса футболдан ҳам ошириш асосий вазифа қилиб белгиланди.

Яқин вақт ичида мамлакатимизда дзюдони ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. Янги раҳбарият олдига Республикамиз бўйлаб селекция ишларини кучайтириш, жисмоний бақувват ёшларни топиб, уларни янги ном сифатида терма жамоага тайёрлаб бериш вазифаси қўйилди. Бугунги кунда олиб борилаётган сиёсатга монанд, дзюдо ҳам аҳоли орасида энг қуйи бўғиндан, яъни мактабгача таълим муассасасидан бошлаб ривожлантирилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз