Головин янги жамоасини танлади, бу «Ювентус» эмас
June 29, 2018, 4:33 p.m. 12975

ЦСКА ярим ҳимоячиси Александр Головин Лондоннинг «Челси» клубига ўтишга яқин турибди.

Журналист Маттео Педроси ўз твиттерида ёзишича, футболчи Лондон клуби сафига ўтишга розилик билдирган. Клублар айни вақтда музокараларни давом эттирмоқда. 

ЦСКА Головин учун 30 млн евро миқдорида нарх белгилаб қўйган, аммо Педросининг айтишича, томонлар 25 млн еврога (плюс бонуслар) келиша олишади.

Айни вақтда футболчининг ўзи ҳам фаолиятини Англия чемпионатида давом эттиришни истамоқда.

«Головин «Челси»га мос: Абрамовчи ушбу россиялик футболчига «маҳлиё» бўлган, футболчининг ўзи ҳам трансферга рози. ЦСКА 30 миллион сўрамоқда, аммо томонлар алалоқибат 25 миллион ва қўшимча бонусларга келишишади. «Ювентус» пойгадан чиққан», дея ёзган журналист.

The Telegraph нашри ҳам ушбу трансфер эҳтимоли яқинлиги ҳақида ёзмоқда, манбага кўра Головин «Челси»га ўтгач, айни вақтда россиялик мутахассис Леонид Слуцкий бошқарувидаги «Витесс»га ижарага бериб юбормаслиги аниқ.

Бундан олдинроқ «Челси» ЦСКА жамоасига Головин учун 23 млн евро таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.

Аввалига футболчи учун «Ювентус» асосий даъвогар саналиб келинаётганди, туринликлар «армиячилар»га юборган навбатдаги таклиф - 19 млн евро ва учинчи жамоага трансфердан 10 фоизлик улуш рад этилганидан кейин, ўз ҳаракатларини тўхтатди.