Вагиз Галиулин янги клуби билан шартнома имзолади
June 28, 2018, 4:37 p.m. 2762

Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ яримҳимоячиси Вагиз Галиулин Россия миллий футбол лигаси (собиқ Россия 1-дивизиони)да фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Футболчи «Тамбов» клуби билан 2 йиллик шартнома имзолаган. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар берди.

Галиулин «Рубин» таркибида 2008 йилда Россия чемпиони, 2010 йилда Россия суперкубоги соҳиби бўлган. Шунингдек, ўтган мавсум «Тосно» таркибида Россия кубогида ғолиб бўлганди.

30 ёшли яримҳимоячи «Тамбов»га қадар «Тосно» клубида тўп сураётганди (23 ўйин, 3та гол). У фаолияти давомида «Андижон», «Бухоро» клубларида, Россиянинг «Рубин», «Сибирь», «Нефтехимик», «Уфа» каби жамоаларида тўп сурган.

Вагиз Галиулин Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 11та ўйин ўтказган.