Марказий Осиё чемпионати тақвими эълон қилинди
June 28, 2018, 4:49 p.m. 3621

Жорий йилнинг 3-10 июль кунлари пойтахтимиз тарихда биринчи марта минтақа чемпионатига мезбонлик қилиши ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.

Ушбу мусобақада Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон ва Қирғизистоннинг 16 ёшгача бўлган ўсмирлардан иборат терма жамоалари иштирок этишади.

Бугун ЎФАнинг анжуманлар залида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Марказий Осиё футбол ассоциацияси иштирокида ушбу минтақавий мусобақага тайёргарлик муносабати билан қўшма йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайтида хабар берилди.

Ушбу йиғилиш давомида ЎФА ҳамда МОФА раҳбарияти томонидан мусобақанинг ташкилий ишларини амалга ошириш тартиблари муҳокама қилиниб, ходимларга меҳмон иштирокчиларни кутиб олиш, меҳмонхонларга жойлаштириш, таржимонларни бириктириш, машғулотлар ташкил қилиш масалалари ҳамда шунга ўхшаш ишлар юзасидан тегишли топшириқлар берилди, масъул шахслар бириктирилди.

Пойтахтимиз мезбонлик қиладиган ушбу мусобақани юқори савияда, кўтаринки руҳда ўтказиш ва мусобақа иштирокчилари ва мухлислар ушбу мусобақадан катта завқ олишларини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

“CAFA U-16 championship” мусобақасининг гуруҳ босқич тақвими:

05.07.2018 17:00 Афғонистон – Ўзбекистон (“Миллий” стадиони)
05.07.2018 20:00 Қирғизистон – Тожикистон (“Миллий” стадиони)

07.07.2018 17:00 Ўзбекистон – Қирғизистон (“Миллий” стадиони)
07.07.2018 20:00 Тожикистон – Афғонистон (“Миллий” стадиони)

09.07.2018 16:45 Тожикистон – Ўзбекистон (“Локомотив” стадиони)
09.07.2018 20:30 Афғонистон - Қирғизистон (“Локомотив” стадиони)