Таиланддаги ғорда 11 футболчи йўқолиб қолди
June 24, 2018, 9:30 p.m. 5157

Таиланддаги Кхао Луанг ғорида 11 футболчи ва уларнинг мураббийи йўқолиб қолди. Бу ҳақда Bangkok Post нашри маълум қилди

Маълум қилинишича, айни вақтда қутқарувчилар уларни қидиришмоқда.

Ғор Понг Пха аҳоли пунктидаги миллий қўриқхонада жойлашган бўлиб, унга кириш учун кичик сойни кесиб ўтишга тўғри келади. Сойда сув кўтарилганда, ғорга кириш ёпилади.

24 июнда боғ ходимлари ғорга кираверишда қолдирилган мотоцикл ва 11 та велосипед, шунингдек, рюкзаклар, футбол бутсалари ва бошқа спорт анжомларини аниқлашган. Боғ ходимлари маҳаллий футбол клуби билан боғланишганда, клубда ушбу буюмлар футболчиларга тегишли экани тасдиқланган. Клуб вакилининг айтишича, футболчилар ғорга киришган, бироқ сойдаги сув кўтарилгани сабабли ундан чиқа олишмаган.

Таъкидланишича, футболчилар дам олиш кунлари Понг Пхадаги майдонда машғулот ўтказишади. 24 июнда бир киши уларнинг ғорга кириб кетаётганларини кўрган.

Боғ ходимлари футболчиларни излаб ғор ичига 3 км кириб боришган, бироқ кучли ёмғир сабабли қидириш ишларини тўхтатишга мажбур бўлишган. Футболчилар ҳанузгача ғор ичида қолаётганлари тахмин қилинмоқда.