Панама терма жамоаси бош мураббийи: «Биз катта футболда ҳали гўдакдекмиз»
June 24, 2018, 8:39 p.m. 1236

Панама терма жамоаси Англия қарши ўйинда (1:6) олтитадан ҳам кўпроқ тўп ўтказиб юбориши мумкин эди. Бу ҳақда терма жамоа бош мураббийи Эрнан Гомес ўйиндан кейинги матбуот анжуманида айтиб ўтди.

«Иккинчи таймда гол киритганимиздан сўнг ўйинимизда сезиларли жонланиш бўлганди. Умуман олганда эса, айтиш мумкинки, терма жамоамиз бундан-да кўпроқ гол ўтказиб юбориши ҳам мумкин эди. Биз ҳаракат қилдик, бироқ Англия ва Панама ўртаси ер билан осмонча фарқ бор. Инглиз ўта аниқ ва самарадор ўйин намойиш этишди. Агар иккинчи бўлимда ўйинимизда кучайтирмаганимизда, дарвозамиздан янада кўпроқ тўп олиб чиққан бўлардик.

Ҳар иккала пенальти ҳам ҳаққоний белгиланди, деб ҳисоблайман. Инглизлар бизнинг ўйинимизни ўқий олмаган вазиятлар ҳам бўлди, бироқ улар деярли барча стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишди. Биринчи бўлимни 0:0 ҳисобида якунлаш ниятида эдик, бироқ бу қўлимиздан келмади.

Чемпионат давомида кўп нарсаларни ўргандик. Ҳа, Панама футболда ҳали гўдак. 3-4та голли вазият яратган бўлсак-да, уларни ҳам бой бердик.

Жамоани такомиллаштириш устида ҳали ишлашимиз керак. Бунинг учун эса бизда деярли ҳамма нарсадан камчилик бор, шу жумладан, инфраструктурамизда ҳам. Футбол нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, Англия терма жамоасига қарши тарқоқ ва тартибсиз ўйин кўрсатмадик, бироқ техник, тактик жиҳатлар ва ижрочилар устида ҳали ишлашимиз кераклиги кўринди», дея таъкидлади Гомес.

Панама терма жамоаси навбатдаги ўйинини 28 июнь куни Тунис термасига қарши ўтказади.