«Ҳакам савияси ўйинга мос эмас». Хорватиялик футболчи Эрматовни қаттиқ танқид қилди
June 24, 2018, 11:15 a.m. 43254

Хорватия терма жамоаси ҳужумчиси Анте Ребич Goal.com сайтига берган интервьюсида ЖЧ-2018 доирасидаги Аргентинага қарши учрашув (3:0) бош ҳаками Равшан Эрматовни танқид қилди.

«Ҳакамнинг савияси ўйин даражасига мос бўлмади. Бу сафарги чемпионатда бундай ҳолат биринчи марта бўлаётгани йўқ. Мундиалга таклиф этилган кўплаб ҳакамларда Чемпионлар лигаси каби йирик мусобақалар тажрибаси етишмайди.

Бизга ҳакам кўп вазиятларда Аргентина фойдасига қарорлар чиқаргандек туюлди. Менга иккинчи «сариқ» карточкани кўрсатишига ишончим комил эди. Чемпионатда бутун дунёдан реферилар иштирок этишини тушунаман ва қадрлайман, лекин бу каби учрашувларна ўйиннинг аҳамиятига муносиб ва ўйин темпини ўз қўлида ушлаб тура оладиган ҳакамлар бошқариши керак. Мисол учун, бу ҳакамда ҳатто футбол бутсалари ҳам йўқ эди, у оддий кроссовкада ўйинни бошқарди! Бу бизни ҳайратга солди.

Урган голим ва Аргентинани ер тишлатганимиздан роҳатланиш ўрнига ҳакамнинг бир нечта қарорларидан асабийлашганимга пушаймон бўляпман. Отаменди атайлаб Ракитичга томон зарба йўллаганида юз фоиз «қизил»га тортадиган вазият бўлганди. Бироқ бу ҳам ғалабамизни янада ширинроқ бўлишига сабаб бўлди», - деган Ребич.