Аргентина мухлислари Мессининг хотинидан бир нарсани ўтиниб сўрашмоқда
June 22, 2018, 1:03 p.m. 37008

Аргентина терма жамоаси мухлиси Ката Троссейро ҳужумчи Лео Мессининг турмуш ўртоғи Антонелла Рокуццода омадли оёқ кийими борлиги ҳақидаги твитни ёзди.

Унинг гапига кўра, эрига ғалаба келтирган ўйинларда Антонелла айнан шу пойабзалда бўлган. Ката ўз сўзининг исботи сифатида Чемпионлар Лигаси - 2015 финали ва ЖЧ-2018 саралашидаги ғалабали ўйинлардан кейин олинган фотосуратларни жойлаштирган ва: «Агар пайшанба куни Антонелланинг мана шу пойабзални кийишини истасанг, ретвит қил» - деб ёзган.

Аргентиналик фанатлар терма жамоа етакчиси Лео Мессига қандай қилиб ёрдам беришни билишмаяпти. Айни пайтда, бу хабар 27 минг марта ретвит қилинган ва уларнинг миқдори ошиб бормоқда. Мухлислар пойабзалга катта умид билдиришяпти.

Эслатиб ўтамиз, Аргентина ЖЧ-2018 гуруҳ босқичининг дастлабки турида Исландия (1:1) билан дуранг ўйнаган, Месси эса пенальтидан гол уролмаганди. 2-турда эса Аргентина Хорватияга 0:3 ҳисобида ютқазди.