Гвардиола Кевин Де Брюйненинг позициясини ўзгартирмоқчи
June 20, 2018, 2:22 p.m. 4583

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоа етакчиси Кевин Де Брюйненинг майдондаги позициясини ўзгартирмоқчи. Испаниялик мутахассис режасига кўра, Кевин таянч ярим ҳимоясида ўйнаши мумкин. 

Маълумки, «шаҳарликлар»нинг асосий таянч ярим ҳимоячиси Фернандиньо ҳисобланади ва у 33 ёшга кирган. Гвардиола январдан бери унга муносиб ўринбосар қидиришда давом эттирмоқда, масалан Фред ва Жоржиньо каби футболчилар билан музокаралар олиб борилди.  

Manchester Evening News нашри хабарига қараганда, агар «Манчестер Сити»нинг янги таянч ярим ҳимоячиси қидирувидаги ҳаракатлари самарасиз якун топса, Де Брюйне позициясини ўзгартириши мумкин. 

Гвардиола ўз мураббийлик фаолияти давомида кўп бора футболчиларнинг позициясини ўзгартирган. Мисол учун, «Бавария»да қанот ҳимоячиси Филипп Лам ҳам таянч ярим ҳимоячиси сифатида ўйнай бошлаганди. Аксинча, «Манчестер Сити»даги Фабиан Делф аслида таянч ярим ҳимоячиси бўлса-да, Мендининг жароҳатидан сўнг, ўнг қанот ҳимоячисига айланди. 

Де Брюйненинг универсал услубидан келиб чиқиб, янги мавсумда уни янги позицияда кўришимиз мумкинлигини тахмин қилиш мумкин. Зеро терма жамоадаги ўйинларда ҳам Кевин кўпроқ орқароқда ҳаракат қилмоқда ва деярли таянч ярим ҳимояси зонасида Витцелга шериклик қилмоқда. 

«Пеп менинг олдимга келиб, «сен бу позицияда ўйнай олишингни кўрдим, балки бир кун «Манчестер Сити»да ҳам шу позицияда ўйнашинг мумкин» деб айтди», – деди Кевин де Брюйне Панамага қарши ўйиндан кейинги интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, бельгиялик 26 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсумда 16 голли узатма амалга ошириб, Лиганинг энг яхши ярим ҳимоячиси сифатида эътироф этилди.