Эрматов ЖЧ-2018 ўйинига тайинланди. Рекорд янгиланади
June 19, 2018, 6:25 p.m. 13804

Ўзбекистонлик ФИФА ҳаками Равшан Эрматов Россияда ўтказилаётган 2018 йилги жаҳон чемпионатининг 2-туридан ўрин олган Аргентина-Хорватия ўйинига бош ҳакам сифатида тайинланди.

Қанотларда унга ҳамюртларимиз Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беришади. Захира ҳаками таитилик Норберт Хауата. 

Ўйин 21 июнь куни Нижний Новгородда Тошкент вақти билан соат 23:00 да бошланади.

Шу тариқа, Эрматов Жаҳон чемпионатларидаги бошқарган ўйинлари сони бўйича ўзи ўрнатган рекордни янгилайди. Бугунга қадар Эрматов ЖЧ финал босқичларида 9та ўйинда бош ҳакам бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, Равшан Эрматов Лионель Месси бошчилигидаги Аргентина терма жамоаси ўйинини 2010 йили ЖАР майдонларидаги мундиалда ҳам икки марта бошқарган, ўшанда аргентиналиклар гуруҳ босқичида Грецияга қарши ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган, чорак финалда Германияга 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Эрматов 2014 йилги мундиалда Хорватия иштирокидаги бир ўйинни ҳам бошқарган. Ўшанда Мексикага 1:3 ҳисобида ютқазган хорватлар гуруҳ босқичидан чиқа олишмаганди.