Жаҳон чемпионатида илк жиддий можаро
June 18, 2018, 1:57 p.m. 32420

Златко Далич бошчилигидаги Хорватия терма жамоаси мураббийлар штаби ҳужумчи Никола Калинични таркибдан четлатган ва ватанга қайтариб юборган. Бу ҳақда 24sata хабар тарқатди.

Манба маълумотига кўра, ушбу 30 ёшли футболчи гуруҳ босқичи доирасида Нигерияга қарши кечган (2:0) биринчи ўйин вақтида захирадан майдонга тушишни истамаганди.

Манбанинг қайд этишича, Далич Нигерияга қарши ўйин якунланишига 5 дақиқа қолганида Калиничдан Марио Манжукич ўрнига майдонга тушишни сўраган, аммо форвард бели оғриётганини айтиб, ўйинга қўшилишдан бош тортган. Натижада Манжукични Марко Пьяца алмаштирган.

ЖЧ-2018 турнири 15 июлга қадар давом этади. D гуруҳидан ўрин олган Хорватия кейинги турларда Аргентина (21 июнь, Нижний Новгород) ва Исландия (26 июнь, Ростов) терма жамоаларига қарши ўйнайди.

Никола Калинич “Милан” аъзоси ҳисобланади. 30 ёшли ҳужумчи 2008 йилдан буён терма жамоага жалб этилиб келинмоқда ва 35 ўйинда майдонга тушиб, 14 гол муаллифи бўлган.