ОАВ «Ювентус» Головинни нима учун олаётганидан хабар топди
June 17, 2018, 10:43 a.m. 10942

ЦСКА ва Россия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Александр Головин «Ювентус»га ўтадиган тақдирда йилига 2 миллион евро миқдорида маош олади. SportMediaset нашри хабарига кўра, ушбу 22 ёшли футболчини туринликлар жамоаси раҳбарияти Миралем Пьянич учун идеал тандем ва Сами Хедира учун муносиб ўринбосар сифатида кўришмоқда.

ОАВ маълумотига кўра, «кекса синьора»га ушбу футболчи учун «Арсенал», «Монако» ва «Барселона» рақобат қилмоқда.

Бундан аввалроқ туринликлар ушбу футболчи трансфери учун 15 миллион евро (плюс бонуслар) тўлашга тайёрлиги, ЦСКА эса ўз етакчиси учун 25 миллион евро сўраётгани тўғрисида хабарлар берилганди.

Головин ЦСКА сафида 2015 йилдан буён ўйнаб келмоқда. Ўтган мавсумда ушбу ярим ҳимоячи армиячилар жамоаси сафида барча турнирлар доирасида 43 ўйинда майдонга тушиб, 7 гол урган ва 7 голга узатма берган.

Якунланган мавсумда Головин ЦСКА жамоасининг энг яхши футболчиси деб топилди. У жамоа сардори, дарвозабон Игорь Акинфеев ва ярим ҳимоячи Понтус Вернблюмни ортда қолдирган.

Айни вақтда ушбу ҳавбек Россия терма жамоаси билан ЖЧ-2018 турнирида иштирок этмоқда. Гуруҳ босқичининг биринчи турида Саудия Арабистонига қарши ўйинда (5:0) Головин икки голга узатма бериб, жарима зарбасидан бир гол урди.