Мундиалда тўртинчи кун. Бугун фаворитлар «жангга киради»
June 17, 2018, 4:19 p.m. 6445

Бугун ЖЧ-2018 доирасида яна уч учрашув ўтказилади. Мухлислар узоқ кутган, турнирнинг асосий фаворитлари сифатида кўрилаётган Германия ва Бразилия терма жамоалари, шунингдек, мундиалдан аввалроқ «катта машҳурлик»ка эришган Мексика ўз иштирокини бугун бошлайди. Бугунга шунингдек, Сербия ва Коста-Рика жамоалари беллашуви белгиланган.

Е гуруҳи

Коста-Рика — Сербия, «Самара Арена» (Самара), 17.00 Тошкент вақти (Матч ТВ)

Бугуннинг очилиш ўйини бошқа икки жуфтликдаги каби жарангламайди - лекин Самарадаги Европа ва Америка жамоалари тўқнашуви ҳам айрим жиҳатлари билан эътиборга молик.

Коста-Рика
ФИФА рейтингидаги ўрни (июнь): 23

Дарвозабонлар: Кейлор Навас («Реал»), Парик Пембертон («Алахуэленсе»), Леонель Морейра («Эредиано»). 
Ҳимоячилар: Кристиан Гамбоа («Селтик»), Ян Смит («Норчепинг»), Рональд Матаррита («Нью-Йорк Сити»), Брайан Овьедо («Сандерленд»), Оскар Дуарте («Эспаньол»), Жанкарло Гонсалес («Болонья»), Франсиско Кальво («Миннесота Юнайтед»), Кендалл Уостон («Ванкувер Уайткэпс»), Жонни Акоста («Агилас»). 
Ярим ҳимоячилар: Давид Гусман («Портленд Тимберз»), Ельцин Техеда («Лозанна»), Сельсо Борхес («Депортиво»), Рэндалл Асофейфа («Эредиано»), Родни Уоллес («Нью-Йорк Сити»), Кристиан Боланьос («Саприсса»), Хоан Венегас («Саприсса»). 
Ҳужумчилар: Брайан Руис («Спортинг»), Даниэль Колиндрес («Саприсса»), Хоэль Кэмпбелл («Бетис»), Маркос Уренья («Лос-Анжелес»).

ЖЧ саралаши
Икки терма жамоа ҳам гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтган, серблар Уэльс, Ирландия ва Австрия каби терма жамоаларни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаганди. Оскар Рамирес шогирдлари эса КОНКАКАФ саралашида йўлланмани финишга 3 тур қолганида нақд қилганди, коста-рикаликлар АҚШга қарши уйда ҳам, сафарда ҳам ғалабали ўйинлар ўтказди (умумий ҳисоб 6:0), якунда коста-рикаликлар Мексика, Панама, Ҳондурас, АҚШ ва Тринидад каби терма жамоалардан иборат гуруҳда (саралашнинг охирги босқичи) иккинчи ўринни эгаллаб, чемпионатга тўғридан-тўғри йўл олди.

Сербия термаси мундиалда иккинчи марта иштирок этмоқда (айнан Сербия сифатида, Сербия ва Черногория ёки Югославия эмас). Сербиянинг илк мундиали 2010 йилга тўғри келганди ва муваффақиятсиз чиққанди, ўшанда серблар гуруҳ босқичидаги энг ёмон терма жамоалардан бири бўлганди. Коста-Рика эса 2014 йилги жаҳон чемпионатида сенсация кўрсатиб, Уругвай, Англия ва Италия терма жамоалари билан бир гуруҳдан яккапешқадам сифатида чиққанди. Младен Крстаич шогирдлари учун яна бир нохуш маълумот шуки, коста-рикаликлар шу вақтга қадар мундиални фақат бир марта ғалаба билан бошламаган. Лекин Марказий Америка вакили охирги ўртоқлик учрашувларида ёмон кўрсаткичлар қайд этган.

Кимлар ўйнайди
Коста-Рика тезкор ва техник футболчилардан иборат, қарши ҳужумлар уларнинг устун жиҳати. Шу билан биргаликда, Коста-Рика вазиятлардан унумли фойдалана олиши билан мақтана олмайди, АҚШга қарши икки ўйинда 6 гол урган коста-рикаликлар қолган 9 ўйинда атиги 8 бор рақиблар дарвозаларини ишғол этишган. Коста-Рикада яққол марказий ҳужумчи йўқ, жаҳон чемпионати учун заявкада вингер бўлмаган ягона ҳужум чизиғи вакили Маркос Уренья ҳисобланади. Рамирес ўтган чемпионатдаги каби 3-5-2 схемасида ўйин кўрсатиши кутилмоқда.

Асосий футболчилар
Коста-Риканинг асосий юлдузи - Кейлор Навас. Ундан ташқари, терма жамоа сардори Брайан Руисни («Спортинг») ҳам Европада яхши билишади. Саралаш босқичида тўпурар бўлган Кристиан Боланьосдан ҳам кўп нарса кутиш мумкин. «Арсенал»нинг собиқ футболчиси Хоэль Кемпбелл Маркос Уренья каби жароҳат туфайли асосий таркибдаги ўрнини йўқотган.

Сербия
ФИФА рейтингидаги ўрни (июнь): 34

Дарвозабонлар: Владимир Стойкович («Партизан»), Марко Дмитрович («Эйбар»), Предраг Райкович («Маккаби Тель-Авив»). 
Ҳимоячилар: Александар Коларов («Рома»), Бранислав Иванович («Зенит»), Душко Тошич («Гуанчжоу Фули»), Антонио Рукавина («Вильярреал»), Милош Велькович («Вердер»), Милан Родич («Црвена Звезда»), Урош Спаич («Краснодар»), Никола Миленкович («Фиорентина»). 
Ярим ҳимоячилар: Неманья Матич («Манчестер Юнайтед»), Сергей Милинкович-Савич («Лацио»), Лука Миливоевич («Кристал Пэлас»), Адем Ляич («Торино»), Марко Груич («Ливерпуль»), Неманья Радонич («Црвена Звезда»), Душан Тадич («Саутгемптон»), Филип Костич («Гамбург»), Андрия Живкович («Бенфика»). 
Ҳужумчилар: Александар Митрович («Фулҳэм»), Александар Прийович (ПАОК), Лука Йович («Айнтрахт»).

ЖЧ саралаши
Сербия –  саралашда қийин бўлмаган гуруҳда эди. Ирландия, Австрия ва Уэльс терма жамоалари Сербиядан ҳеч бир жиҳати билан устун ҳам, кучсиз ҳам эмасди. Сербия Уэльс билан икки бор дуранг ўйнади, Австрияни уйда мағлуб этиб, сафарда ютқазди, аммо серблар Грузия ва Молдавияга қарши ўйинларда очко йўқотмади – гуруҳда ким ғолиб бўлишини аутсайдерлар ҳал қилди. Бундай натижадан кейин Славолюб Муслин ишдан бўшатилди, айрим тахминларга кўра Муслин Сергей Милинкович-Савичга – терма жамоа умиди бўлган ёш ҳужумчига ишонч билдирмагани учун истеъфога чиқарилган.

Кимлар ўйнайди
Сербия – ярим ҳимоячилар жамоаси. Ҳимоядаги футболчиларнинг ёши ўтиб бормоқда, Иванович, Коларов, Тошич, Рукавина – барчаси 30 ёшдан ошган, ҳужумда у қадар барқарор ўйин кўрсатмайдиган Митрович ҳаракат қилмоқда, 34 ёшли Стойкович («Партизан») ҳамон дарвозада: бу маълумотлар сербларнинг мухлисларига умид бера олмайди. Аммо сербларнинг ярим ҳимояси ўта кучли. Матич таянч ярим ҳимоясига жавоб беради, Льяич, Тадич ва Милинкович-Савич янги ҳужумлар бошлайди.

Асосий футболчилар
Неманья Матич – барча ҳавас қиладиган футболчилардан бири. У 90 дақиқа давомида чарчоқ билмасдан югура олади. Тадич «Саутҳемптон»да мавсумни бир текисда ўтказмади, аммо у терма жамоанинг асосий футболчиларидан бири бўлиб қолмоқда. Льяич «Торино»да 10 голга узатма берган. Коларов – терма жамоа сардори, у «Рома»да иккинчи ёшлигини ўтказмоқда. Митрович саралаш ўйинларида 6 гол урган. Ва ҳамма Милинкович-Савични кутмоқда. Муслин даврида у асосий таркибда эмасди, у янги мураббий томонидан ҳам бир нечта ўйинларда захирада қолдирилди. Лекин у жаҳон чемпионатида ўйнаши аниқ. «Лацио» уни бир ярим ойдан кейин яхшигина пулга сотиши тайин.

F гуруҳи

Германия — Мексика, «Лужники» (Москва), 20.00 Тошкент вақти (Первый)

Амалдаги жаҳон чемпионлари 2018 йилги мундиални Москвада мундиалларда доимий равишда плей-офф босқичларида иштирок этиб келадиган Мексикага қарши бошлайди. Мексикаликлар КОНКАКАФ қиролларидир.

Германия
ФИФА рейтингидаги ўрин: 1 

Дарвозабонлар: Мануэль Нойер («Бавария»), Кевин Трапп («Пари Сен-Жермен»), Марк-Андре тер Штеген («Барселона»). 
Ҳимоячилар: Марвин Платтенхардт («Герта»), Йонас Ҳектор («Кёльн»), Маттиас Гинтер («Боруссия» Мёнхенгладбах), Антонио Рюдигер («Челси»), Матс Ҳуммельс, Никлас Зюле, Жером Боатенг, Йозуа Киммиҳ (барчаси – «Бавария»). 
Ярим ҳимоя ва ҳужум: Сами Хедира («Ювентус»), Юлиан Дракслер («Пари Сен-Жермен»), Тони Кроос («Реал»), Тимо Вернер («РБ Лейпциг»), Месут Ўзил («Арсенал»), Марко Ройс («Боруссия» Дортмунд), Томас Мюллер («Бавария»), Леон Горецка («Бавария»), Сабастьян Руди («Бавария»), Юлиан Брандт («Байер-04»), Илкай Гундўған («Манчестер Сити»), Марио Гомес («Штутгарт»).

Бундестимда айтарли муаммолар йўқ: Йоахим Лёв шогирдлари бу сафарги турнирда ҳам камида ярим финални мўлжал қилишган (охирги марта немислар жаҳон чемпионатида 1/2 финал босқичида фақат 2002 йили бўлмаганди). Терма жамоанинг қудратига шубҳа йўқ — фақат мураббийлар штаби турнирга «Манчестер Сити» етакчиси Лерой Санени олиб келмагани кўпчиликни ҳайрон қолдирди, лекин бу алоҳида танқидларга арзигулик қарор эмас. Германия бир йил муқаддам, Конфедерациялар Кубоги ярим финалида деярли иккинчи таркиби билан Мексикани ер тишлатганди - 4:1.

Бу ўйиннинг яна бир алоҳида жиҳати Дортмунднинг «Боруссия» клуби тирик афсонаси, ҳозирги футболнинг энг ёрқин истеъдодларидан бири, аммо жароҳат туфайли 2014 йилги жаҳон чемпионати, 2016 йилги Европа чемпионатини ўтказиб юборган Марко Ройснинг бу сафарги мундиалдаги иштирокидир.

ЖЧ саралаши
Германия саралаш турнирида ҳаддан ташқари кучли ўйин кўрсатди, 10 учрашувда 10 ғалаба қайд этилиб, босқич давомида атиги 4 гол ўтказилди. Бу ўйинларда немислар 43 гол уришди: бундай кўп голни Европада фақат Бельгия ура олди. Германия – Европа саралашида максимал натижа кўрсатган ягона терма жамоа бўлди. Қолаверса, немислар кучсиз гуруҳда эмасди: Шимолий Ирландия ўтган Европа чемпионатида сенсацион иштирок этган, Чехия ва Норвегия ҳам кучсиз жамоалар эмас.

Охирги ўйинлар
Баҳорда Германия Россия, Испания ва Бразилия каби терма жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказди. Ғалаба ҳам, дуранг ҳам, мағлубият ҳам қайд этилди. Энг ҳайрон қолдирган натижа – австрияликлар билан ўйинда бўлди.  Германия бу ўйинда ютқазди, аммо мундиалдан олдинги охирги ўйинда Саудия Арабистони мағлуб этилди, кичик ҳисобда.

Асосий юлдузлар
Германия деярли мукаммал таркибга эга. Асосий юлдузлар – Тони Кроос, Месут Ўзил ва Мануэль Нойер. Дарвозабон кўп вақт давомида жароҳат туфайли футбол ўйнамади, аммо Лёв уни Россияга олиб келди. Нойер жароҳат олишидан олдин жаҳоннинг энг яхши дарвозабони бўлиб турганди. Мундиалда ҳам «Барселона» аъзоси Марк-Андре тер Штеген эмас, балки у асосий дарвозабон бўлиши кутилмоқда.


Мексика
ФИФА рейтингидаги ўрни: 15

Дарвозабонлар: Гильермо Очоа («Стандард»), Хесус Корона («Крус Асуль»), Альфредо Талавера («Толука»). 
Ҳимоячилар: Эдсон Альварес («Америка»), Уго Айяла («Тигрес»), Хесус Гальярдо (УНАМ), Мигель Лаюн («Севилья»), Эктор Морено («Реал Сосьедад»), Диего Рейес («Порту»), Карлос Сальседо («Айнтрахт»), Рафаэль Маркес («Атлас»). 
Ярим ҳимоячилар:
Марко Фабиан («Айнтрахт»), Хонатан дос Сантос («Лос-Анджелес Гэлакси»), Андрес Гуардадо («Бетис»), Эктор Эррера («Порту»), Хавьер Акино («Тигрес»). 
Ҳужумчилар: Жовани дос Сантос («Лос-Анджелес Гэлакси»), Хесус Корона («Порту»), Хавьер Эрнандес («Вест Ҳэм Юнайтед»), Рауль Хименес («Бенфика»), Ирвин Лосано (ПСВ), Орибе Перальта («Америка»), Карлос Вела («Лос-Анжелес»). 

ЖЧ саралаши
Мексикаликлар саралашнинг биринчи босқичида Ҳондурас, Канада ва Сальвадор термаларини осонлик билан ортда қолдирди. Иккинчи босқичда кичик муаммолар туғиоди. Биринчи ўрин учун курашда Коста-Рика қаттиқ қаршилик кўрсатди, аммо коста-рикаликлар ўз ўйинларида очколар йўқотиб, Мексикани олдинга ўтказиб юборди. Мексика гуруҳда ҳаммадан кўп очко жамғариб, ҳаммадан кам гол ўтказди, принципиал рақиб бўлган АҚШга қарши икки ўйинда ҳам ғалаба қозонилди. 

Охирги ўйинлар
Муносиб спарринг-рақиблар танлаган Мексика турли натижалар қайд этди, уларнинг охирги 3тасида – Уэльс билан дуранг ўйналди (0:0), Шотландия мағлубиятга учратилди (1:0) ва Данияга қарши ўйин бой берилди (0:2). Аммо охирги вақтларда мексикаликлар майдон ичидаги ҳаракатлари билан эмас, майдон ташқарисидаги воқеалар туфайли машҳур бўлишмоқда, футболчилар Россияга йўл олишдан олдин катта зиёфат ўтказишди ва айш-ишрат қилишди. Федерация ҳам футболчиларни жазоламади, улар футболчилар бўш вақтини ўзлари истаган тарзда ўтказишлари мумкинлигини маълум қилишди. Шу воқеадан кейин данияликларга қарши бир ўйин ўтказилди ва мағлуб бўлинди.

Асосий юлдузлар
Кенг кўламда олиб қаралса, асосий юлдуз Рафа Маркес, агар охирги йиллар назарда тутилса, «МЮ» ва «Реал»нинг собиқ ҳужумчиси, айни вақтда «Вест Хэм» учун ўйнаётган Хавьер Эрнандес. У жуда сермаҳсул эмас, аммо унинг ҳаракатлари терма жамоа ҳужумини ривожлантиришда беқиёс. Чичарито 30 ёшга чиқиб бўлди, бу мундиаль унинг учун охиргиси бўлиши мумкин, шу туфайли у бор кучини намойиш этишга ҳаракат қилади.


Бразилия — Швейцария, «Ростов Арена» (Ростов-на-Дон), 23.00 Тошкент (Первый)

2018 йилги жаҳон чемпионати Бразилия учун ҳам бугун бошланади. Россияга жанубий америкаликлар фаворитлардан бири сифатида ташриф буюришган, бу сафарги жамоа 2014 йили Германия «қурбони»га айланган жамоадан бутунлай фарқ қилади, бу жамоани идеал дейишга шошилмаслик керак, аммо бразилларнинг ҳозирги таркиби чемпионларга хос ўйинлар кўрсатмоқда. Неймар янада ўсган, у февралдаёқ «ПСЖ»нинг ўйинларини ташлаб, дам олиб, мундиалга тайёрланди. Ушбу 222 миллион евролик вингер ва унинг жамоаси назорат ўйинларида барчанинг юрагига ғулғула солди, улар ишонч билан футбол ўйнашмоқда. Бразилиянинг мундиалдаги илк рақиби Швейцариия бўлади, у қадар кучсиз бўлмаган бу Европа жамоаси мундиалларнинг доимий иштирокчиси, тез-тез халқаро турнирларнинг плей-оффларида ўйнаб туради. Европаликларда сенсацион равишда 3 очко олиш учун имкониятлар бор. Бу терма жамоа бразилларни енгиш тажрибасига эга 2013 йили ўзаро учрашувда айнан швейцарлар минимал ҳисобда устун келишганди.

Бразилия
ФИФА рейтингидаги ўрни: 2

Дарвозабонлар: Алисон («Рома»), Эдерсон («Манчестер Сити»), Касио («Коринтианс»). 
Ҳимоячилар: Данило («Манчестер Сити»), Фагнер («Коринтианс»), Тьяго Силва («ПСЖ»), Миранда («Интер»), Маркиньос («ПСЖ»), Педро Жеромел («Гремио»), Марсело («Реал»), Филипе Луис («Атлетико»). 
Ярим ҳимоячилар: Каземиро («Реал»), Паулиньо («Барселона»), Фернандиньо («Манчестер Сити»), Ренато Аугусто («Бэйцзин Гоань»), Коутиньо («Барселона»), Фред («Шахтёр»), Виллиан («Челси»). 
Ҳужумчилар: Неймар («ПСЖ»), Роберто Фирмино («Ливерпуль»), Габриэл Жезус («Манчестер Сити»), Дуглас Коста («Ювентус»), Тайсон («Шахтёр»).

ЖЧ саралаши
Саралаш турнири давомида Бразилия бош мураббийни алмаштирди ва иродасиз, иштиёқсиз жамоадан машинага айланди ва бирин-кетин очколарни қўлга кирита бошлади. Бош мураббийлик постини Тите –  «Коринтианс» тарихидаги энг совриндор мураббий, икки карра Бразилия чемпиони, Либертадорес кубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби эгаллади.

Тите термадан Хитойда жавлон ураётган Халк ва Оскарни чиқариб ташлади, аммо Паулиньо ва Ренато Аугустога жой берди. Унинг бу қарорлари кўпчиликни шокка туширганди, аммо бу давр ўтиб кетди, энди янги жамоа – нафақат ҳужумда, балки ҳимояда ҳам ишончли ҳаракат қиларди. Тите бошқарувида бразилияликлар саралашда қаторасига 9 ғалаба қайд этишди (Аргентина ва Уругвай йирик ҳисобларда мағлуб этилди), бу сериядан кейин бироз бўшашган жамоа икки марта дуранг ўйнади. Шу билан биргаликда иккинчи ўрин билан 10 очколик фарқ сақланган ҳолда биринчи ўрин эгалланди – жамоа Дунга ишдан бўшатилгач бутунлай ўзгарганди.

Қандай ўйналади?
Таянч ярим ҳимоячиси Каземиро ва ҳаракатчан ҳужум гуруҳи, бу гуруҳда ҳужум чизиғининг исталган вакили ўрин эгаллаши мумкин. Саралаш ўйинларида Тите 4-1-4-1 схемасини қўллади, бу схема Ренато Аугусто/Фернандиньо ва Паулиньо марказда, Неймар ва Коутиньо қаноатларда ҳаракатланишини кўзда тутарди. Ҳозирда схема ўзгарган: Коутиньо ярим ҳимоя марказида ҳаракатланиб, яна бир ҳужумкор футболчи (Дуглас Коста ёки Виллиан) олдинга чиқишига замин яратади. 

Асосий футболчилар
Неймар. Унинг термадаги ўрни «ПСЖ»даги каби эмас. Клубда ҳамма Неймар учун ўйнайди, у ҳужумларни ўзи бошлаб, ўзи тугаллайди. Термадаги роли эса «Барселона»даги даврларни эслатади: Неймар учун кенглик ҳосил қилинади, у қанотдан югуради ва дарвозага зарба бериш нуқтасига чиқиб боради. Каземиро – терма жамоадаги шерикларининг ортини ёпиш учун ўйнайди. Унинг ишчанлиги муҳим аҳамиятга эга. Каземиро бутун майдон бўйлаб ҳаракатланиши мумкин. Яна бир муҳим футболчи – Паулиньо. «Барселона»да ушбу бразилиялик футболчи ҳужумларни якунлашда Мессига шериклик қилади, у Эрнесто Вальверденинг ноёб топилмасидир. Паулиньо – позициялар ўртасида боғловчилик вазифасини аъло даражада уддалайди. У саралаш давомида 11 ўйинда 6 гол уриб, икки голга узатма берган. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин: Алиссон - Бразилияда яна топ-дарвозабон, Марсело, Жезус, Коутиньо… ҳимояда Маркиньос-Миранда жуфтлиги. Ҳа, Бразилия шу қадар кучли.

Швейцария
ФИФА рейтингидаги ўрни: 6

Дарвозабонлар: Роман Бюрки («Боруссия» Д), Ивон Мвого («РБ Лейпциг»), Ян Зоммер («Боруссия» М). 
Ҳимоячилар: Мануэль Аканджи («Боруссия» Д), Нико Эльведи («Боруссия» М), Михаэль Ланг («Базель»), Штефан Лихтштайнер («Ювентус»), Жак-Франсуа Мубандже («Тулуза»), Рикардо Родригес («Милан»), Йохан Журу («Антальяспор»), Фабиан Лукас Шёр («Базель»). 
Ярим ҳимоячилар: Валон Бехрами («Удинезе»), Блерим Жемайли («Болонья»), Желсон Фернандеш («Айнтрахт»), Ремо Фройлер («Аталанта»), Шердан Шакири («Сток Сити»), Гранит Чака («Арсенал»), Стивен Цубер («Ҳоффенҳайм»), Денис Закария («Боруссия» М). 
Ҳужумчилар: Йосип Дрмич («Боруссия» М), Брил Эмболо («Шальке»), Марио Гавранович («Динамо» З), Харис Сеферович («Бенфика»).

ЖЧ саралаши
Швейцария ФИФА рейтингида олтинчи ўринда. ОЛТИНЧИ – бу хато эмас, бу ҳисоб-китоблар натижаси. Саралаш гуруҳида Швейцария Португалия билан 3га 3 ўйнади, бошқа барча ўйинларда ғалаба қозонилди, Венгрия, Фарер ороллари, Латвия ва Андорра уйда ҳам, сафарда ҳам мағлуб этилди. Шимолий Ирландияга қарши ўйинлардаги натижалар ҳам рейтингда кўтарилишга сабаб бўлди. Владимир Петкович қўли остида ёмон жамоа шаклланмаган – аммо бу жамоа рейтингда ўзидан қуйироқда жойлашган Испания ва Франция каби терма жамоалар йўлдан чиққанда ўта олишига ишониш қийин.

Қандай ўйнайди?
Петкович жамоаси анча эҳтиёткор футбол намойиш этади, бу жамоа ўйини Жердан Шакири ва Гранит Чака қандай кайфият ва қандай спорт формасида эканига боғлиқ бўлади. Жамоа икки таянч ярим ҳимоячисига таянади: Чака ва Валон Бехрами. Блерим Жемаили ҳужумчи ортидан ҳаракат қилади. Марказдаги бундай тўсиқни бузиб ўтиш қийин. Шунингдек, чап қанотдан Рикардо Родригес ҳужумга қўшилади, ўнг қанотдан Шакирига Лихтштайнер ёрдам беради. Қайд этиш керакки, жамоанинг асосий муаммоси марказий ҳужумчи етишмаслиги, бу Евро-2016 турнирида ҳам кўзга ташланиб қолганди. «Бенфика» аъзоси Харис Сеферович Португалия чемпионатида атиги 4 гол урган, Брил Эмболо («Шальке») эса янада ёмонроқ мавсум ўтказган.

Асосий футболчилар
Дарвозабон. Зоммер Шером ва Аканджи каби ёш ҳимоячилар билан бирга ҳимояни бошқаради. Саралаш босқичидаги 6 қуруқ ўйин – унинг хизматлари эвазига. Гранит Чака ҳужумларни бошлашга масъул. У ҳамиша ҳам бу ишни аъло даражада уддалай олмаслиги мумкин, аммо жамоада унинг даражасидаги бошқа футболчи йўқ. Терма жамоа жисмоний жиҳатдан етук, аммо жамоага ақлли ва ижодкор футболчилар етишмайди. Шакири ва Цубер барчасига қараши керак. Яна бир нарсани қайд этиш керакки, Родригес ва Лихтштайнер биргаликда саралаш ўйинларида 6 гол уришди. Жамоанинг асосий қуролларидан бири ақлли ва техник футболчилардан иборат қанотлардир.