«Кунига 5 евро сарфлаб, велосипедда келдим» - аргентиналик мухлиснинг жаҳон чемпионати сари ғаройиб саёҳати
June 14, 2018, 11:46 a.m. 3377

Исландиялик Москва сари «Нива»да йўлга чиқди, немис тракторда, португалияликлар безатилган вагонда, аргентиналик мухлис Сантьяго Реале эса янада қизиқарли услубни танлади: у Россияга велосипедда етиб борди.

«Альбиселесте»нинг ашаддий фанати уч ой олдин йўлга чиққан эди. У Буэнос-Айресдан Барселонага самолётда учиб келди. 10 кун дам олгач, саёҳатга отланди. Велосипедда Франция, Швейцария, Германия, Австрия, Чехия, Польша, Латвия, Литва, Эстония ва Финляндия ҳудудидан ўтиб, 
Санкт-Петербургга етиб борди. У ердан Москвага поездда кетди.

Сантьяго ҳар куни 90-120 км масофани босиб ўтди. Агар жуда иссиқ ёки ёмғирли кун бўлса, масофа қисқарарди. Саёҳатчи йўлда ҳеч қандай муаммога учрамади. Фақат Альп тоғларида бироз қийналишга, кўпроқ меҳнат қилишга тўғри келди. 

Сантьяго барча зарур нарсаларни ўзи билан олиб юрди. Унинг олдинги ғилдирагидаги сумкасида нарсалари, фотоапаарати, орқа ғилдирагидаги сумкада ошхона жиҳозлари ва палаткаси бор. Ҳатто кичик чойнаги ҳам мавжуд.

Саёҳатчи кунига ўртача 5 евро сарфлади. У фақат икки марта меҳмонхонада ётган, бошқа кунлари ўрмонда, палаткада яшаган. Баъзан, йўлда учраган одамлар унга бошпана беришган, меҳмон қилишган.

Дастлабки икки ойда Сантьяго ёлғиз саёҳат қилди. Аммо, Прагада ўзига ўхшаш «беақл»ни учратиб қолди. Сафар йўналиши бир хил экани маълум бўлгач, саёҳатни бирга давом эттиришди.

Россияда унга рус оиласи бошпана бериб, меҳмон қилмоқда. Жаҳон чемпионати пайтида Сантьяго уларнинг уйида яшайди. 

– Менда фақат битта чипта бор – Нигерияга қарши ўйинники. Бошқасини тополмадим, — дейди Сантьяго ғамгинлик билан.

– Аммо, ҳечқиси йўқ, бу барибир жуда қувноқ саёҳат бўлди, уни ҳеч қачон унутмайман!