ПФЛ футболчи ёки мураббийлар билан бекор қилинаётган шартномаларни жиддий назорат қилади
June 13, 2018, 1:02 p.m. 1220

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси футболчи ҳамда мураббийлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги ишларни кучайтиради, деб хабар бермоқда ПФЛ сайти. 

Энди бирор жамоа ўз футболчиси, мураббийи билан меҳнат шартномасини бекор қилса, ПФЛ улар билан қарздорлик масаласи ижобий томонга ҳал бўлмагунча, янгиларни рўйхатдан ўтказмайди.

Яқинда Ғузорнинг “Шўртан” клуби бош мураббий Асрор Алиқулов билан шартномани бекор қилиб, унинг ўрнига Ёрқин Назаровни рўйхатни ўтказишни истаганди. Аммо ПФЛ Алиқулов билан боғлиқ қарздорлик масаласи ҳал бўлмагунга қадар, “Шўртан”нинг янги бош мураббийи масаласини очиқлигича қолдирди. Кейинроқ Ғузор клуби 15 августга қадар барча қарзлардан қутулиш борасида кафолат хати тайёрлади. Шундан сўнг, янги мутахассис расман иш бошлашига рухсат этилди. Иш ҳозирча ПФЛ назоратида, агар масала 15 августдан кечиктирилса, “Шўртан”га нисбатан санкциялар қўлланади.

Шунингдек, Виктор Кумиков ҳамда унинг ёрдамчилари билан шартномани бекор қилган ОКМК клуби ҳам қарздорлик масаласи борасида ПФЛга тушунтириш берди. Ҳар икки ҳолатда ҳам ПФЛ мураббийлар билан алоқага чиқди. ОКМК Кумиков билан боғлиқ ишни деярли ҳал қилиб бўлган. Белгиланган вақтда масала тўлиқ ечимини топмаса, Кумиков бизга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Иш кечиктирилмасдан кўриб чиқилади. 

Айни вақтда, бир неча йиллик қарздорлик масалалари бўйича қатор футболчи ҳамда мураббийлар шикоят аризалари билан мурожаат қилган. Бу биринчи навбатда футболчи ва мураббийлар ўз ҳақини талаб қила олмаслигидан, иккинчи томондан уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари етарли даражада таъминланмаганидан далолат беради. ПФЛ босқичма-босқич бу каби масалаларни тартибга солади. Бу каби ишлар ФИФАга қадар етиб боришини ёки футболчилар, мураббийлар йиллар давомида ўз ҳақини ололмай юришини кутиш шарт эмас.

Қолаверса, бир қанча клублар легионер футболчилар билан ишлаш борасида қатор хато ва камчиликларга йўл қўйган. Оқибатда иш ФИФАга қадар етиб борган. Бундай ишларнинг бир қанчаси ҳалигача осилиб тургани ҳунук ҳолат. Энди клублар футболчилар, мураббийлар ва ишчи-ходимлар билан тузиладиган меҳнат шартномаларига жиддий эътибор қаратиши шарт. Бу ишга енгил кўз билан қарайдиган клубларга қарши кураш олиб борилади.

Ўз навбатида, шартномаси тугатилаётган футболчилар ёки мураббийларнинг собиқ клубига қарши эътирози бўлса, ўз вақтида ПФЛга мурожаат қилиш тавсия этилади.