Испания термасига янги бош мураббий тайинланди
June 13, 2018, 5:27 p.m. 13449

Мадриднинг «Реал» клуби собиқ футболчиси Фернандо Йерро Испания терма жамоасининг янги бош мураббийи сифатида эълон қилинди.

Ушбу мутахассис 13 июнь куни, жаҳон чемпионати стартига бир кун қолганида истеъфога чиқарилган Хулен Лопетеги ўрнини эгаллайди. Лопетегининг истеъфосига у чемпионатдан кейин «Реал»га бош мураббий бўлиши бўйича келишув эълон қилингани сабаб бўлди. Йерро Краснодарда бугун кечқурун расман янги бош мураббий сифатида таништирилади ва шундан кейин жамоа билан машғулот ўтказади.

Йерро «қизил фурия» бошқарувида 15 июнь куни Португалияга қарши биринчи тур учрашувида дебют қилади. Йерро 2014–2015 йилларда «Реал»ни бошқарган, 2016–2017 йилларда «Овьедо» билан ишлаган.

Қайд этиш керакки, Лопетеги атиги 3 ҳафта муқаддам Испания терма жамоаси билан 2020 йилга қадар амалда бўлувчи янги шартнома имзолаганди. Кутилмаганда «Реал» билан келишув тузилгани Испания футбол федерациясини ғазаблантирган.