Испания футболи раҳбари Лопетеги истеъфоси сабабларини айтди
June 13, 2018, 6:29 p.m. 9827

Испания қироллиги футбол федерацияси раҳбари Луис Рубиалес бош мураббий Хулен Лопетеги билан имзоланган шартноманинг муддатидан олдин бекор қилинишига изоҳ берди.

«Агар кимдир Испания футбол федерацияси ходими билан музокара ўтказмоқчи бўлса, у ҳолда федерация ҳам бундан хабардор бўлиши керак.

Испания терма жамоаси манфаати – ҳамма нарсадан устун. Жаҳон чемпионати эса жуда юқори савиядаги тадбир. Хулен ўзини бошқача тутиши керак эди, ҳар ҳолда биз шуни хоҳлардик 

«Реал» мураббий излаяпти, хўп, бунга эътироз йўқ. Мен «Реал»ни айбламоқчи эмасман. Аммо, бундай иш қилган ҳар қандай ходим жавобгар бўлиши керак. Лопетеги «Реал»га ўтаётганини эълон қилишдан атиги 5 дақиқа олдин бизни бундан хабардор этди. Бундай қилиш ярамайди.

Биз унинг истеъфоси ҳақидаги қарорни қабул қилишга мажбур бўлдик, чунки биз испанияликмиз, терма жамоа манфаатини устун қўямиз. Жамоада энг яхшилар ишлаши керак, аммо бу қарор чиқариб бўлинди.

Ғалаба - жуда муҳим, бироқ, бундан ҳам муҳими - ривожланиш йўлидан оғишмаслик. Лопетеги топ-мураббий бўлса-да, уни истеъфога чиқаришга мажбур бўлдик», – деди Рубиалес.

Эслатиб ўтамиз, Лопетегининг терма жамоадаги ўрнини Фернандо Йерро эгаллади.