ЎФА футболчиларга «амнистия» қўллашни режалаштирмоқда
June 13, 2018, 10:45 a.m. 3242

Шу йилнинг 5 январь куни 5 нафар футболчи Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроқўми бюросининг қарори билан футболдаги фаолиятдан четлаштирилганди. 

Муборак Рамазон ойи якуни ҳамда Ҳайит айёми арафасида ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз айбини тушуниб етган бу футболчиларга яна бир бор имконият бериш мақсадида, уларнинг жазоланиш масаласини қайтадан кўриб чиқиш таклифини берди, деб хабар беради ЎФА сайти.

ЎФА раҳбарияти футболдаги энг ёмон иллатлардан бири — футболчилар ёшини кичиклаштириш масаласига жиддий эътибор қаратади. Айнан шу масала юзасидан айбдорлиги аниқлангач, Нодирбек Тешабоев, Муҳаммаджон Абдуллаев, Нуриддин Ҳасанов, Дилшод Аҳмадалиев, Бурхон Ҳасанов каби футболчилар Ижроқўм қарори асосида футболдан четлаштирилди. Ўтган давр мобайнида улардан аксари ўз айбини тушуниб етди, ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни тўғрилади. Шунингдек, ташкилотга бир неча бор хат билан чиқиб, қилган ишидан пушаймон эканини билдирди.

«Ҳаётда ҳамма хато қилади, буни тушуниш мумкин. Бироқ битта хатони икки бор қайталашни тушуниб бўлмайди. Футболдан четлаштирилган йигитлар ҳали анча ёш. Улар нотўғри йўлга кирганини тушуниб етди. Мамлакатимиз Президенти билмай, айб иш қилаётган минглаб инсонларни афв этаётган бир вақтларида, биз ҳам тушуниб-тушунмай нотўғри ишга қўл урган футболчиларга яна бир бор имкон беришимиз керак. Энди улар ғирромлик нима эканини яхши тушунади. Буёғига улардан ўзини спортга баҳшида этиб, юқори чўққилар сари интилиш талаб этилади», — деди Умид Аҳмаджонов.

Тез орада ЎФА Ижроқўми бу масалани атрофлича ўрганиб чиқади ҳамда узоқ вақт давомида бошқа исм-шариф билан «ном қозонган» йигитларга, ўзларининг ҳақиқий исм-шарифлари билан фаолиятларини давом эттириш имкониятини яратади.

ЎФА, шунингдек, футбол соҳасидаги барча мураббийларни, мутахассисларни жиддий равишда огоҳлантиради. Бундан буён, бу каби ишларга қарши кураш янада жиддий бўлади. Айниқса, ёш болаларни ва уларнинг ота-онасини йўлдан урмоқчи бўлган ёки аллақачон уларни айнитиб бўлган мураббийлар кечирилмайди. Бундай инсонлар футболга қайта яқинлаштирилмайди. Шунингдек, фарзанди катта эканини билиб туриб, унинг кичик болаларга қарши тўп тепишига шунчаки томошабин бўлиб турган ота-оналар ҳам жазодан четда қолмайди. Боласининг ҳужжатини сохталаштираётган ота-оналар қонун олдида жавоб беришларига тўғри келади. Яъни, ЎФА бу масала юзасидан тегишли органлар билан ҳамкорликда ишлайди.

«Йиллар давомида ўсмирларимиз қўлга киритиб келган ютуқларга шубҳа билан қарашимизнинг ўзиёқ уят. Биз нафақат болалар футболини, балки ўзимизни алдаб келганмиз. Бизда болалардан натижа талаб қилинмайди, биз катта футболдан натижа кутамиз. Болалар спортини эса софлигича қолдириш тарафдоримиз. Ўз навбатида мана шу софликка раҳна соладиган инсонларга орамизда жой йўқ», — деб фикр билдирди ЎФА биринчи вице-президенти.

Ташкилот фақатгина жазо қўллаш ишлари билан банд бўлмайди ва бундай иллатни йўқ қилиш йўлида амалий усуллардан ҳам фойдаланади. 2019 йилдан бошлаб болалар футбол клублари тарбияланувчиларини яхлит электрон базага босқичма-босқич киритиб борилади. Яъни, мактаб ёшидаги футболчи ҳақида барча маълумотлар, шу футболчи то миллионлар ўйини билан хайрлашмагунига қадар янгиланиб туради. Бу эса 14—15 ёшли янги футболчининг бирдан «пайдо бўлиб қолиши» ҳолатларини камайтиради. 

Яхлит электрон базадан исталган одам Суперлига, Про-Лига, 2-лига, болалар лигалари футболчиларини топиши мумкин бўлади. Шу ҳолатдан кейин ҳам футболчилар ёшини кичикрайтиришга ҳаракат давом этса, бунинг ортида турган кишиларга шафқат қилинмайди.

«Ҳали ҳам кеч эмас, ҳаммасини қайтадан, тўғри йўлда бошлаш учун вақтимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли. Бир неча ойлар давомида севимли касбидан узоқда бўлган футболчилар, қолганларга ўрнак бўлсин. Зеро, кейинги айбдорлар кечирилмаслиги ҳам мумкин. Қайтадан имконият берилаётганлардан эса фақат ва фақат юқори марраларни умид қилиб қоламиз. Энди уларда ўзларини кўрсатиш учун имконият бўлади», — деб фикрини якунлади Аҳмаджонов.