Зидан Франция термасини бошқариши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
June 12, 2018, 1:49 p.m. 4117

«Реал»нинг собиқ бош мураббийи Зинедин Зидан айни вақтда Франция терма жамоасини бошқариш истагида эмаслигини билдирди.

«Ҳозир энг асосийси — Францияни жаҳон чемпионатида қўллаб-қувватлаш. Менда ҳозирча миллий терма жамоани бошқариш истаги йўқ. Мен бироз дам олишим керак. Францияга мухлислик қиламан. Биз барчамиз жамоа иккинчи марта жаҳон чемпиони бўлишини истаймиз», — дея Зиданнинг сўзларини келтирган L'Equipe.

Ҳозирги кунда Франция терма жамоасини Зиданнинг 1998 йилда жаҳон чемпиони бўлган жамоадаги собиқ шериги Дидье Дешам бошқариб келмоқда.

Франция футбол федерациясининг президенти Ноэль Ле Гре Зиданнинг терма жамоа бош мураббийлигига тайинланиши мумкинлигини инкор қилгани йўқ. Фақат бу иш 2020 йилдан олдин содир бўлмайди. Айнан ўша пайтга бориб Дешамнинг шартномаси якунланади.

Жаҳон чемпионати 14 июндан 15 июлгача Россиянинг 11 шаҳрида бўлиб ўтади. Франция гуруҳ босқичида Австралия, Перу ва Данияга қарши ўйнайди.