Суперлигада май ойининг энг яхши футболчиси аниқланди
June 12, 2018, 6:24 p.m. 2627

ПФЛ ҳамда Championat.asia нашри ҳамкорлигида ўтаётган ойнинг энг яхшиларини аниқлаш сўровномаси навбатдаги ғолиб номи аниқланди.

Бунга қадар “Навбаҳор” посбони Ботирали Эргашев май ойининг энг яхши дарвозабони деб эътироф этилган эди. “Бухоро” аъзоси Арслонмурод Омоновнинг “Локомотив” дарвозасига урган голи эса овоз бериш якунларига кўра энг чиройли деб топилган эди. Шунингдек, “Бунёдкор” клуби устози Миржалол Қосимов мураббийлар ичида май ойида тенгсиз бўлгани аниқлашган эди.

Май ойининг энг яхшиларини аниқлаш жараёнида топшириладиган эсдалик совринларидан яна бири “Бунёдкор” вакилига йўл оладиган бўлди. “Қалдирғочлар” етакчиларидан бири – Сардор Собирхўжаев овоз бериш натижаларига кўра ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Маҳоратли футболчи сўровномада жами 32 очко жамғарди ва “Пахтакор” аъзоси Тиаго Безеррани 2 очкога ортда қолдирган ҳолда ғолибликни қўлга киритди.

Сардор Собирхўжаевни мураббий ва сардорларнинг 8 нафари биринчи ўринга лойиқ топишди. 3 нафар овоз берувчи уни иккинчи ўринга лойиқ кўрган бўлса, яна 2 нафари Собирхўжаевни учинчи поғонага жойлаштирган.

Шу тариқа, март ойида Азизбек Турғунбоев, апрелда Арслонмурод Омоновдан сўнг май ойида Сардор Собирхўжаев энг яхши футболчи дея эътироф этилди.