«Спортинг»дан футболчилар қочмоқда
June 12, 2018, 6:11 p.m. 3913

Лиссабоннинг «Спортинг» клубини 6 нафар етакчи футболчиси тарк этди, яна 3 нафари кетиш арафасида.

Европа Лигаси доирасида «Атлетико» клубига 0:2 ҳисобида имконият бой берилгач, клуб президенти Бруну Де Карвалью футболчиларни очиқчасига танқид қилган, улардан эътироз эшитгач, 19 нафарини асосий таркибдан четлаштирган эди. Кейинчалик, «Спортинг» фанатлари клуб қароргоҳига бостириб кириб, футболчиларни дўппослаган эдилар.

Шундан сўнг, бир қанча футболчилар клуб билан имзолаган шартномаларни бир томонлама бекор қилишни бошладилар. Аввалроқ, дарвозабон Руй Патрисиу, яримҳимоячи Вильям Карвальо, ҳужумчи Бас Дост, яримҳимоячилар Даниэль Поденсе, Желсон Мартинш ва Бруно Фернандеш клубни тарк этишди. Энди эса Родриго Батталья, Маркос Акунья ва Жереми Матьё ҳам нарсаларини йиғиштира бошладилар.

Бу футболчиларнинг кетиши натижасида, «Спортинг» клуби 135 миллион еврога арзонлаб қолди. Қизиғи шундаки, жанжалкаш президент агар футболчилар орқага қайтса, клубдан кетишга ваъда берган.