Британиялик ҳакам Мартин Аткинсон Россияга велосипедда йўл олди
June 12, 2018, 8:49 a.m. 3074

Англиялик футбол ҳаками Мартин Аткинсон Whistle Stop Tour хайрия акцияси доирасида Россияга велосипедда йўл олди.

47 ёшли ҳакам ўз саёҳатини Стаффордширда бошлаган ва уни 28 июнда Калининградда якунлайди. Шу куни Англия терма жамоаси ЖЧ-2018 гуруҳ босқичида ўзининг охирги ўйинини Бельгияга қарши ўтказади. Аткинсон 2735 км йўл босиб ўтади. У ўз йўлида Франция, Бельгия, Нидерландия, Германия ва Польша ҳудудларини кесиб ўтади.  

Акцияда ҳакамдан ташқари яна бир инглиз ҳаками Жон Мосс ҳам иштирок этмоқда. Улар йўлга тутишларидан олдин йиғилиши режалаштирилган 80 минг доллардан 70 минги йиғиб бўлинган. Бу пуллар 4 та хайрия ташкилоти ўртасида тақсимланади.

“Бу катта синов бўлади! Биз мақсадга эришиш учун оғриқларга чидаймиз. 2016 йилда Премьер-лиганинг барча стадионларини айланиб ўтгандик, ўшанда масофа 1700 км га яқинни ташкил қилган”, деб айтган Аткинсон.

Эътиборлиси, жорий жаҳон чемпионатида 1938 йилдан бери илк бор бирорта британиялик ҳакам иш олиб бормайди.