Зидан «Реал»ни Перес билан зиддият туфайли тарк этган
June 5, 2018, 8:59 a.m. 13708

Зинедин Зидан «Реал» бош мураббийлигидан жамоа президенти Флорентино Перес билан зиддият туфайли истеъфога чиққан.

Mirror нашри хабарига кўра, 45 ёшли мутахассис Пересдан «Челси»нинг бельгиялик ярим ҳимоячиси Эден Азарни трансфер қилишни сўраган, аммо, «Реал» хўжайини Зиданга йўқ деган.

Қўшимчасига Перес Зиданга «Манчестер Юнайтед»дан Давида де Хеани трансфер қилиш режаси ҳақида гапирган, аммо француз Кейлор Навас туфайли бу режага қарши бўлган.

2016 йилнинг январида Зидан «Реал»да Рафаэл Бенитес ўрнига вақтинча бош мураббий бўлганди. Кейинги 2,5 йил ичида «Реал» унинг бошчилигида Испания чемпиони, Испания Суперкубоги соҳиби, уч марта Чемпионлар лигаси ғолиби, УЕФА Суперкубоги ғолиби (2 марта) ва клублар ўртасидаги чемпионат ғолиби (2 марта) бўлишга эришди. «Қироллик клуби» Зидан билан бирга жами 9та совринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Ўтган ҳафтада эса франциялик мутахассис кутилмаганда истеъфо берди. Бу Флорентино Перес даврида мураббий ўз хоҳишига кўра илк марта истеъфога кетиши бўлди.

Зидан Қатар терма жамоасини 2022 йилги жаҳон чемпионатига тайёрлаши ҳақида хабарлар тарқалган.