Футболчиларини калтаклаган «Ифтихор» раҳбари ва мураббийи устидан тергов ишлари бошланди
June 4, 2018, 5:45 p.m. 5347

1 июнь куни Олтиариқнинг «Ифтихор» футбол клуби директори Аҳрор Эргашев ҳамда катта мураббий Нодир Қўзибоев ўз футболчиларига нисбатан тажовузкор ҳатти-ҳаракатлари сабаб ЎФА томонидан футбол фаолиятидан бутунлай четлаштирилган эди.

ЎФА хабарига кўра, ташкилотнинг икки нафар ходими— Дилшод Саидмуродов ва Жўрабек Сабдаров Фарғонага бориб, жабрланувчи Ҳасанбой Эргашев билан унинг уйида учрашган ва бўлиб ўтган воқеага ойдинлик киритган. Турсунбой Ҳусанов эса ўз шаҳри Шаҳрихонга жўнаб кетгани учун, у билан суҳбат телефон орқали бўлиб ўтган.

Шундан сўнг ЎФА ходимлари Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими масъуллари билан, туман ИИБ бошлиғи, шунингдек, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари билан суҳбатда бўлган. Айни вақтда ҳам ЎФА Олтиариқ туман ИИБ масъул ходимлари билан алоқада бўлиб турибди.

Фарғонага сафари давомида ЎФАнинг икки вакили «Ифтихор» катта мураббийи Нодир Қўзибоев билан, ундан кейин эса клуб директори Аҳрор Эргашев билан ҳам учрашган. Улар бўлиб ўтган воқеада иштирок этганини тан олишган. 

Маълум бўлишича, футболчиларни Олтиариқ тумани чеккасидаги оромгоҳга телефон орқали Нодир Қўзибоев чақиртирган. Ўзбошимча тазйиқни Аҳрор Эргашев олиб борган ва ҳар икки футболчига тан жароҳати етказган.

ЎФА мазкур хулосадан келиб чиқиб, «Ифтихор»нинг ҳар икки раҳбарини футболдан четлаштирди. Эндиликда ИИБ мазкур иш юзасидан тергов суриштирув ишларини давом эттирмоқда.