Россиядаги жаҳон чемпионати учун тўп шаклидаги идишларда чиқарилган сув хавфли деб топилди
June 1, 2018, 8:55 a.m. 1732

Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати учун тўп шаклидаги идишларда чиқарилган ичимлик суви “Святой источник” хавфли деб топилиб, савдодан олина бошланди. Гап шундаки, бундай идишдаги сув қуёшда қолса, линза каби қуёш нурини бир жойга тушириб, ён атрофдаги нарсаларнинг ёниб кетишига олиб келиши мумкин. 

Шу сабабли “Ашан” гипермаркетлар тармоғи ушбу ичимлик сувини савдодан олишни бошлаган.

Сув 2,5 литрли идишларда чиқарилган бўлиб, баъзи ҳолларда ёнғинга олиб келиши аниқланди. Баъзи одамлар ушбу сувдан сотиб олиб, офислари полида қолдиришганда, унга қуёш тушиши билан ёнида тутун пайдо бўлиб, полдаги ламинат ҳиди чиқа бошлаганини айтишган. 

“Фонтанка” таҳририяти ҳам тажриба ўтказиб, ушбу сув идиши ёрдамида ҳақиқатан ҳам аланга пайдо қилиш мумкинлигини текшириб кўрган. Тажриба бунинг имкони борлигини тасдиқлаган.

Сувни ишлаб чиқарувчи компания вакили маҳсулот халқаро ва Россия стандартларига мос келишини айтган. “Биз ҳар бир ёрлиқда сувни қоронғи жойда, +2 дан +25 даражагача ҳароратда сақлаш кераклигини кўрсатамиз”, деб айтган компания вакили.