«Истанбул» Туронни жиддий жаримага тортди
May 29, 2018, 8:15 a.m. 4676

«Истанбул» директорлар кенгаши ярим ҳимоячи Арда Туронни Туркия лигасининг 32-тури доирасида «Сивасспор» билан ўйиндаги (1:1) хатти-ҳаракати учун жиддий жаримага тортди.

31 ёшли туркиялик хавбек қўшимча дақиқаларда майдондан четлатилди. Бунга унинг ҳакам қароридан норози бўлиб, лайнсменни туртиб юборгани сабаб бўлган.

Туркия футбол федерацияси Туронни ён ҳакамни туртгани, бош ҳакамни ҳақорат қилгани ва таҳдидлари учун 16 ўйинга четлатди. Шунингдек, ўйинчи 7,7 минг евролик жаримага тортилди.

Клуб эса ўйинчига 250 минг евро миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклади.

Турон келаси мавсумнинг деярли бутун биринчи даврасини ўтказиб юборади. У «Барселона»дан 2020 йилга қадар ижарага олинган.