«Арсенал» янги даврга қадам қўймоқда. Эмерининг плюслари ва минуслари
May 24, 2018, 2:10 p.m. 6727

Лондон шимолида инқилобий ҳаракатлар бошланди. «Арсенал» узоқ кутишлардан кейин янги бош мураббийга эга бўлди.

Турли йилларда «Лорка Депортиво», «Валенсия», «Спартак», «Севилья» ва «ПСЖ»да ишлаган испаниялик 46 ёшли мутахассис Унаи Эмери энди лондонликлар жамоаси билан камида 2 йил ҳамкорлик қилади. «Арсенал» у билан «2+1» схемасида шартнома тузган.

Артета вариантидан нега воз кечилди?

Ўзгаришлар қишдаёқ бошланганди - клубда дунёнинг энг зўр скаутларидан бири Свен Мислинтат пайдо бўлди. Ушбу германиялик мутахассис билан бирга клубга «Барселона»нинг собиқ спорт директори Рауль Санллехи ҳам келганди. Буларнинг барчаси ижрочи директор Иван Газидис ва бош мураббий Арсен Венгернинг ваколатларини қисқартиришга қаратилганди. 

22 йил давомида жамоани бошқариб келган Арсен Венгер ўйинлардан ташқари, барча харажатларга, футболчилар сотиб олиш ва сотишга масъул эди. Бу йўл «Арсенал» янги стадион қурилишидан кейин пайдо бўлган қарзлардан қутилишни таъминлади, аммо жамоа спорт нуқтаи назаридан улкан ютуқларни қўлга киритмади. Қишдаги ўзгаришлардан кейин Мислинтат ва музокара олиб бориш билан шуғулланувчи Дик Лоу - трансферлар учун масъул бўлди, Газидис - қоғозбозлик ишларига, Санллехи эса спорт истиқболларига.

Венгер шу йил апрелида ўз даври ўтганини англаб етиб, кетишини эълон қилиши билан унинг ўрнини ким эгаллаши бўйича тахминлар билдирила бошлади. Унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлганлар қаторида Луис Энрике, Томас Тухель, Карло Анчелотти, Юлиан Нагельсман, Леонарду Жардим, Патрик Виера, Микель Артета, Массимилиано Аллегри номлари саналди. Ҳеч ким бўлажак мураббий ким бўлишини топа олмади. Аввалига Энрике жуда кўп маош талаб қилгани туфайли рўйхатдан тушиб қолди, кейинроқ Тухель ва Анчелоттида бошқа режалар бўлгани маълум бўлди - улар мос равишда «ПСЖ» ва «Наполи» жамоаларида бош мураббийга айланди, аввалроқ «Бавария»га ҳам ўтмаган Нагельсман «Ҳоффенҳайм»дан кетишни истамади, Жардим ҳам «Монако»га содиқ қолди, собиқ жамоасини бошқаришни жуда истаган Патрик Виера ўзига жиддий таклиф берилмаганидан нолиди, у тез орада ватанига қайтиб, «Ницца»га янги бош мураббий бўлиши мумкин. Жамоани Аллегри ёки Артетта бошқариши кутилаётганди. Бир неча йилдан буён «Ювентус» билан ички чемпионатда гегемонлик қилиб келаётган Аллегри Лондонда янги эра бошлаши, худди Венгер каби «Арсенал»ни узоқ йиллар бошқариши ҳақида гапира бошлашди. Аммо «канонирлар» раҳбарияти унга жиловни бериб қўйишни исташмади - италиялик мутахассис трансферлар учун камида 200 миллион фунт сўради, у барча трансферлар учун назоратни қўлига олмоқчи эди. Томонлар келиша олишмади, бу орада «Ювентус» навбатдаги чемпионликни нишонлади ва Аллегри туринликлар билан Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш орзуси йўлида ҳаракатни давом эттирадиган бўлди.

Шундан сўнг асосий планга айни вақтда «Манчестер Сити»да Хосеп Гвардиолага ёрдамчилик қилаётган, 2011-2016 йилларда «Арсенал»нинг етакчи футболчиларидан бири бўлган Микель Артета чиқди. Унинг номзоди Венгер томонидан маъқулланди, Гвардиола унга «оқ йўл» тилади, томонлар ўртасида жадал музокаралар ўтказилди, оғзаки келишувга эришилди, «канонирлар» мухлислари истай-истамай унинг келишини кутишаётганди. Артета Премьер-лигани жуда яхши билади, у «Арсенал»гача «Эвертон»да узоқ йиллар давомида сардорлик қилган. У «Манчестер Сити»да Лерой Сане ва Раҳим Стерлинг билан индивидуал шуғулланиб, уларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилди. Гвардиола чемпионликда Артетанинг ўрни беқиёс эканини эътироф этди.

Аммо сўнгги лаҳзаларда бу режа амалга ошмади. Матбуотда буни икки хил изоҳлашмоқда. Бир томоннинг билдиришича, Артета ҳам жамоада Венгер йўлини давом эттириб, Аллегри каби трансферлар устидан назоратни ўз қўлига олишни истаган, клубдагилар бунга рози бўлмагач, таклифни рад этган. Иккинчи версияга кўра эса, «Арсенал» раҳбарлари, хусусан клуб хўжайини Стэн Кронкенинг ўғли Жош тажрибасиз мутахассисга ишонч билдирмаган, у клуб спорт директори Иван Газидисни бу танлов тўғри эмаслигига ишонтирган, таваккал қилишни хуш кўрмайдиган Газидис унинг фикрига дарҳол қўшилган. Ахир Артета шу кунгача ҳеч қачон, ҳеч қаерда бош мураббий сифатида ишламаган. Қолаверса, клуб хўжайинларига менежер-мураббий эмас, фақат майдондаги ишлар билан шуғулланувчи мураббий керак эди. 

Кутилмаганда бу истакка тўла мос келувчи шундай номзод топилди. Эндигина эркин агентга айланган Эмери варианти бир ҳафтача муқаддам пайдо бўлди. The Telegraph маълумотига кўра, ушбу баск суҳбат учун максимал тайёрланган ва жуда эффектив тақдимот қилиб берган. У «Арсенал»нинг ҳар бир футболчиси бўйича алоҳида ҳисобот тузган, футболчиларнинг кучли ва заиф жиҳатларини келтириб ўтиб, уларнинг ўйинини кучайтириш бўйича маслаҳатларини баён этган. «У «Арсенал» футболчилари ҳақида 10 йиллардан буён шу ерда ишлаётган клуб ходимларидан яхшироқ билади. Карьерасини, қачон ва қандай жароҳат олганини – барчасини! Бунга қандай эришгани ҳайратланарли, аммо клуб менежерлари унинг тақдимотидан гипноз ҳолатига тушишган», – дея «Арсенал»даги манбага асосланиб ёзди The Sun.

Нима учун айнан Эмери?

Унаи «ПСЖ»да муваффақият қозона олмади, жамоа Чемпионлар лигасида ярим финалгача ҳам етиб бора олмагач, раҳбарият у билан хайрлашишга қарор қилди. 

Эмерининг Лондондаги истиқболи бўйича плюслардан бошлаймиз. Эмери мақтанчоқ эмас ва биринчи ўринни олиб беришни ваъда қимайди. Ўтиш даврига кирган «Арсенал» учун у идеал вариантдир. Албатта, у «Арсенал» сэр Алекс Фергюсон кетганидан кейин кўп вақт аввалги мақомига қайта олмаган «МЮ» ҳолатига туширмаслиги ҳам керак.

Юқорида айтилганидек, у инжиқ эмас ва трансферлар учун юзлаб миллионлар талаб этмайди. У биринчи навбатда «Арсенал»нинг ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиши тайин. Венгернинг вориси ҳам Лондонда ёшлар билан ишлайди. У «ПСЖ»да бу борада бир қадар муваффақиятларга эришди - 22 ёшли Преснел Кимпембени жамоанинг асосий ҳимоячисига айлантирди, жингалак сочларидан бошқа жиҳати билан ажралиб турмаган, беқарор ўйин кўрсатиб келган Адриен Рабьо ярим ҳимоянинг ишончли вакилига айланди, аргентиналик Жовани Ло Сельсо терма жамоасининг жаҳон чемпионатига борадиган таркибидан жой олди. Килиан Мбаппега юлдузли таркибдан муқим жой топиб берди ва унинг талантини очишда давом этди.

Охирги мавсумида Венгер ҳам «Арсенал»нинг асосий жамоасига Жо Уиллок ва Эдди Нкетиани ўтказди, қишда 20 ёшли грециялик Константинос Мавропанос билан шартнома имзолади ва у ишончни оқламоқда. Умуман, «канонирлар» таркибида истиқболли футболчилар бир талай. Эктор Беллериндан тортиб, Роб Ҳолдинггача. Эмери диққат билан уларни ривожлантириши керак.

Қолаверса, «Арсенал»да ҳақиқий юлдузлар ҳам бор. Узоқ вақтлардан буён «Арсенал» Англия топ-клублари орасидаги энг «зиқна» клуб бўлиб келди. Венгер охирги йилида икки ҳужумчи - Александр Ляказетт ва Пьер-Эмерик Обамеянг учун 100 миллион фунтдан ортиқроқ маблағ сарфлади, Алексис Санчес ўрнига Генрих Мхитарян таркибга қўшиб олинди. Жамоада ўзини тўлиқ кўрсатишга улгурмаган бу футболчилар янги даврда асосий юлдузларга айланади. Унаи Парижда Неймар ва Кавани туфайли муаммоларга дуч келганди. Венгер кетишидан олдин Оливье Жируни «Челси»га сотиб, бир-бирини жуда яхши тушунадиган Лякезетт ва Обамеянг тандемини ҳосил қилиб кетди.

«Арсенал» яна тежамкорлик йўлини давом эттиради ва бу борада ҳам Эмери жуда муносиб мураббий. У «Валенсия»даги дастлабки икки мавсумида трансферлар учун жами 5 миллион фунтга яқин маблағ сарфлаган. Унинг «Месталья»даги бутун фаолияти давомида харид қилинган энг қимматбаҳо футболчининг нархи - 9 миллион фунтдан ортиқ бўлмаган. Шу билан бирга жамоа бу даврда Рауль Албиоль, Давид Сильва ва Давид Вилья каби етакчиларини пуллаган, уларнинг кетиши жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатмаган, яхши натижалар кўрсатилиши давом этган. «Севилья»да ҳам худди шу ҳолат. Эмери ва спорт директори Мончи жуфтлиги мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишганди. Унаи Эмери давридаги энг қиммат трансфер «Торино»дан Чиро Иммобиленинг сотиб олиниши бўлганди (10 миллион фунт). Аммо бу футболчи Испанияга мослаша олмади.

Истиқбол

Охирги марта «Арсенал» 14 йил муқаддам Англия премьер-лигасида ғалаба қозонган. Ундан кейинги совринлар фақат кубокларда қўлга киритилган. Бундай шароитда мухлислар ҳам Эмеридан улкан натижалар кутишмайди. «Арсенал» «жуда чуқур ўра»га тушиб қолганки, у ердан чиқиш анча мураккаб иш. Қониқарсиз натижалар туфайли «Эмирейтс» тўлмай қўйган.

Энди минуслар ҳақида. Эмери Англия чемпионатига мослашиши учун вақт талаб этилади. Бу унинг учун бутунлай бошқа даражадаги турнир, бу ерда ҳатто Гвардиола ҳам қийналган, у илк мавсумида ҳеч нарсага эриша олмаганди. 

Испанияда Эмерининг жамоалари «Реал» ва «Барселона»дан кейинги «учинчи» жамоа бўлган, унга жуда катта вазифалар қўйилмаган. Францияда унинг жамоаси бошқа жамоалардан бир бош баланд эди.  

Эмери «ПСЖ»дан, юзларча миллионлар билан бирга кўплаб мақсадлар қўйиладиган жамоадан келди. Аммо бу мақсадлар жамоавий ўйинни ташкил қилишдан чалғитарди. «Арсенал»да эса у босимдан холи ишлаши мумкин. Унинг олдидаги вазифа жамоани Чемпионлар лигасига қайтариш.

«Арсенал» Англияда учинчи бўла олиши учун жуда кўп ишлаш керак. 

Эмери ишлашни хуш кўради. «Арсенал»нинг барча футболчиларини турли-туман ва узоқ давом этувчи машғулотлар кутиб турибди. «Тўп ёрилгунича ишлаймиз» - Унаининг шиори шундай. Арсен Венгердан олдинги мураббий Жорж Грэм ҳам футболчиларни машғулотлар билан қийнаши орқали маълум эди. Жамоа ҳозир шундай ҳолатдаки, футболчилар тиш-тирноғи билан меҳнат қилиши керак.

Эмери ишлашни севади ва қандай ишлашни билади. Ҳар бир ўйинни у 12 соат таҳлил қилади. У видеолар томоша қилиш фанати. У «Арсенал»га физиотерапевт ва видеолар бўйича мутахассиси билан келган.

«Эмери жуда кўп видеолар кўрсатарди, менинг поп-корнларим тугаб қоларди. У футбол жинниси, бу аниқ ташхис», деганди «Валенсия»да Эмери қўли остида ўйнаган Хоакин. «Арсенал»нинг янги бош мураббийи майда деталларгача эътибор қаратади ва жуда талабчан. У шунингдек... уй вазифаларини ҳам текширади. Валенсияда шундай воқеа рўй берган. Эмери футболчилардан бири уйида мураббий флэшкага солиб берган видеоларни кўрмаётганидан шубҳаланган. Кейинги куни у футболчига бўш флэшкани бериб юборади ва эрталаб ҳар кунги саволини сўрайди. «Ҳа, ҳаммаси жойида. Видео зўр экан, босс», - дея жавоб беради ва футболчи ва кейин у бошланғич таркибда тушмай қўяди.

У битта видеони футболчилар рақибнинг хатолари ва заиф нуқталарини кўрмагунича қайта-қайта айлантириб қўйиб бераверарди.

Юлдузлар билан муаммолар

Эмери ўз тақдимотида Аарон Рэмзи ва Обамеянгга алоҳида урғу қаратган. У бу футболчиларни жамоанинг асосий етакчилари сифатида кўрмоқда. Унинг фикрича, Лондон жамоасининг турнирлардаги иштироки габонлик футболчининг қанчалик яхши ҳаракат қилишига боғлиқ бўлади.

Россияда у тил борасидаги тўсиқ туфайли қийналган, ҳатто инглиз тилини яхши билмагани учун жамоа билан яхши муносабатлар ўрната олмаганди. Натижада, унга ўша вақтдаги «Спартак» юлдузи Артём Дзюба «тренеришка» лақабини қўйганди.

«ПСЖ»да унда жамоага Неймар келиши билан муаммолар бошланди. Бразилиялик юлдуз ўзига алоҳида эътибор қаратилишини хоҳлади, раҳбарият унинг барча истакларини қондирди. Жамоанинг эски футболчилари эса, хусусан, Эдинсон Кавани бунга рози бўлмади. Натижада Эмери назоратни йўқотди.

Май ойи бошига келиб кетиши аниқ бўлиб улгурган Эмери бу жамоани «Неймарнинг жамоаси» деб атаганди. У буни аввалбошдан, хўжайинлар 222 миллион евро сарфлашганидаёқ англаб бўлган, бунга қаршилик қилиб ўтирмаганди ҳам.

Лондоннинг ҳам ўз Неймари бўладими? Катта эҳтимол билан бу рол Месут Ўзилга мос тушарди. Аммо бу футболчи февраль ойида молиявий томондан жуда ажойиб янги шартномага эга бўлди ва у энди бор кучи билан ўзини кўрсатишга, ишончни оқлашга ҳаракат қилади.

Эмери 46 ёшида Венгер шу ёшда қўлга киритганидан кўпроқ соврин ютиб олган. У 13 йиллик фаолиятида 6 клубда ишлаб, 5та ички чемпионатлардаги совринлар ҳамда 3та еврокубокка (Европа Лигаси) эга чиққан. Венгер 46 ёшида 3 клубдаги 12 йиллик фаолияти давомида 4 марта ички чемпионатларда совриндор бўлган, халқаро кубокларни бир марта ҳам қўлга киритмаганди.

Эмери қаторасига 3 мавсум «Севилья» билан Европа Лигасида ғолиб бўлган, аммо у ҳар сафар ёзда таркибни янгилашга мажбур бўлар, аммо жамоанинг ўйин услуби сақланиб қоларди.

Эмери Англиядаги бўлажак асосий рақиблари Гвардиола ва Моуриньо билан эски танишлардир. АПЛ мураббийларидан биринчи бўлиб Хосеп Гвардиола Эмерини табриклади. Улар иккиси Испанияда ишлашганида қалин муносабатлар ўрнатишган. Гвардиола уни кўп марта бир бутилка винони бирга ичиб, футбол ҳақида мушоҳада қилишга таклиф этган. Моуриньо билан муносабатлар эса аксинча, бир сафар Эмери португалиялик мураббийни йиғлоқи чақалоққа қиёслаганди: «Унинг ўзини тутиши менга йиғлаётган чақалоқни эслатади. Биз билан ўйинлардан кейин у ҳар сафар ҳакамлардан шикоят қилар, бизда ҳам бунга асос бўлсада биз бундай қилмасдик».

У бу мураббийлар билан қарама-қаршиликларда ҳамиша ожиз келган. Хосеп жамоаларига қарши у 10 марта, Жозега қарши 5 марта ўйнаган, бу ўйинларда бирон марта ғалабага эришмаган (5 дуранг, 10 мағлубият).

Лекин Эмери «Арсенал»да йилига 5 миллион фунт атрофида маош олади, Гвардиола ва Моуриньо ўз клубларида йилига 15 миллион фунтдан ишлайди.

Ўнларча мураббий номини «Арсенал» билан боғлашаётганида Унаи инглиз тилини ўрганиш курсларига қатнаётган, Англияда ишлаш учун ўзини руҳан тайёрлаётган ва бўлажак клуби футболчиларига доир тадқиқотлар ўтказаётганди.

Ҳафта охирида Унаи Эмери иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади ва янги мураббий ўз режалари билан ўртоқлашади. Шу куни «Арсенал» росманасига янги даврга қадам қўяди.

Дунё футболидаги асосий турнирга қайтиш - «Арсенал» олдидаги асосий вазифа. Эмери ўзи учун севимли бўлган турнирда - Европа Лигасида ғолиб бўлиш орқали бу вазифани бажариши мумкин. Аммо клуб хўжайинлари ва мухлислари ундан Премьер-лигадаги зафарларни ҳам кутишга ҳақли. Ҳеч бўлмаганда у Маурисио Почеттино ва Юрген Клопп «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль»да қилаётган ишларни такрорлай олиши керак. Агар раҳбарият керакли футболчилар учун керакли пулларни ажратса, Эмерининг тактик маҳоратини уйғунлаштирган ҳолда «Арсенал» яна топ-клубга айланиши мумкин. Ўшанда жамоа Чемпионлар лигасини нимчорак финалдаёқ тарк этишни бас қилиши ҳам мумкин. Ҳозирча бу жуда мураккаб, лекин ҳаддан ташқари қизиқ вазифалар. Шуниси аниққи, «канонирлар» учун барчаси янгидан бошланмоқда.