Икарди Месси туфайли жаҳон чемпионатида иштирок этмайдими? - 5 йиллик можаро тарихи
May 22, 2018, 1:23 p.m. 22592

20 май куни А Серия сўнгги турида «Интер» сафарда «Лацио» клубини 3:2 ҳисобида енгиб, чемпионатни 4-ўринда якунлади ва Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритди. «Нерадзурри» таркибида ўйин ва мавсум қаҳрамонларидан бири ҳужумчи Мауро Икарди бўлди. Аргентиналик футболчи ушбу баҳсда гол уриб, нафақат жамоаси ютуғига катта ҳисса қўшди, балки 29та гол билан А Серия тўпурарларидан бирига айланди.

Орадан атиги бир кун ўтгач, Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Сампаоли жаҳон чемпионатига йўл оладиган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Уларнинг орасида Мауро Икардига жой топилмади.

Нега топ-5 лигалардан бири тўпурари жаҳон чемпионатига бормайдиган бўлди? Аргентина терма жамоасига иқтидорли, ёш ҳужумчи керак эмасми? Воқеалар ривожини кузатиш учун 5 йил орқага қайтамиз.

2013 йил охирида Италиянинг спорт матбуоти саҳифалари футболга алоқаси бўлмаган шов-шувли хабарлар билан тўлиб кетди. Аргентиналик модель, раққоса ва шубҳали фильмлар актрисаси Ванда Нара уч нафар фарзандининг отаси, «Барселона»нинг собиқ ҳужумчиси Макси Лопесни ташлаб, ўзидан 9 ёш кичик бўлган «Интер» ҳужумчиси Мауро Икарди олдига қочиб кетади.

Фитна ҳар иккала футболчи «Сампдория»да ўйнаб юрганида юз берган. Икарди жамоадоши ва ватандоши Макси Лопес уйида меҳмон бўлганида, унинг турмуш ўртоғи билан ишқий муносабатларни ўрнатган. Кейинчалик, 20 ёшли Икарди «Интер» клубига ўтиб кетгач, уларнинг муносабатлари фош бўлган. Шундан сўнг, Ванда Нара уч боласини олиб, Мауронинг уйига равона бўлган.


Икардининг бу қилиғи ватани Аргентинада ва Италияда катта муҳокамага ва қораловга сабаб бўлди. Ҳатто «нерадзурри» мухлислари уни Роналдога тегишли бўлган 9-рақамли футболкадан маҳрум қилишга чақиришди. Чунки, маҳбубаларини бирин-кетин алмаштириши билан машҳур бўлган бразилиялик ҳам бундай пасткашликка қўл урмаган эди.

Аргентина футболи афсонаси Диего Марадона ҳам бир четда қараб турмади.

«Мен учун Икарди мавжуд эмас. Бўлиб ўтган воқеадан кейин мен Макси Лопеснинг мухлисига айландим. Сиз дўстингизни уйингизга киритсангиз, аммо у хотинингизни ўғирлаб кетса... Маънавияти йўқ инсон мен учун мурдага тенг», – деди Марадона.

Макси Лопес бу зарбадан анчагача ўзига келолмади. У «Интер»га қарши ўйинда намойишкорона равишда Икардига қўл узатмади.

«Бундай бўлишини кутмаган эдим, жуда кўп йиғладим... Чунки болаларимдан ҳам ажралдим. Онам мени огоҳлантирган, Вандага уйланмагин деган эди. Нима ҳам қилардик, ҳаётда хатоларга йўл қўйиб турилади. «Интер»га қарши ўйинда унинг адабини беришим мумкин эди. Аммо болаларимга шу тарзда ўрнак бўлишни истамадим», - деди аламзада Макси Лопес.

Икардининг хиёнати Италия мафиясини ҳам бефарқ қолдирмади. Журналист Карлос Монти хабарига кўра, кейинчалик Лопес «Катания» клубида ўйнаган пайтда, мафия вакиллари унга ўз хизматини таклиф қилиб, Икардининг икки оёғини ҳам синдириб бермоқчи бўлишган. Бироқ Лопес уларнинг таклифини рад қилган.

2013 йил октябрь ойида Икарди ЖЧ-2014 саралаш ўйинида, Аргентина терма жамоаси таркибида Уругвайга қарши ўйинда дебют қилди. Ваҳоланки, у Италия терма жамоасидан ҳам чақирув олган эди.

«Италия мураббийлар штаби Маурони чақирмоқчи эди. У икки ёки уч марта «Скуадра Адзурра» таркибида ўйнаш учун таклиф олди. Аммо Икарди Аргентина терма жамоасида тўп суришни бир умр орзу қилган», - дейди бу ҳақда Ванда Нара. 

Бу Икардининг иккинчиси хатоси эди.

2014 йил 27 май куни Икарди ва Нара Буэнос-Айресда тўй маросимини ўтказишди. Ёш футболчининг ақли кириб қолишини кутиб юрганларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Мауро бу иши билан ортидаги барча кўприкларга ўт қўйиб юборди...  Унинг учун ҳақиқий муаммолар шундан кейин бошланди - футболчи учун терма жамоа эшиклари тақа-тақ ёпилди.

2013/14 йилги мавсум Икарди учун яхши ўтмади. Мауро «Интер» таркибида атиги 9та гол урди холос. Аргентина терма жамоаси мураббийлар штаби унинг жисмоний ҳолати яхши эмаслиги ва сермаҳсуллиги паст эканини баҳона қилиб, ўйинларга жалб этишмади.

Бироқ, 2014/15 йилги мавсумида Икарди «Интер» таркибида 22та гол уриб, Лука Тони («Верона») билан бирга А Серия тўпурари бўлди. Хўш, нима бўпти? Футболчининг қачон чақирилиши ҳақидаги Аргентина мураббийлар штабига бўлган барча саволлар унинг жисмоний ҳолати яхши эмаслиги, жамоа ўйин услубига мос келмаслиги ёки кичик жароҳати борлиги билан изоҳланаверди.

2015 йил октябрь ойида Мауро Икарди футбол агенти Абиан Морено билан ўн йиллик ҳамкорликка чек қўйди ва барча ишларини турмуш ўртоғига ишониб топширди. Энди Ванда Нара Икардининг агентига айланди. 

2016 йилда Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси бош мураббий Эдгардо Бауса олдига Икардини зинҳор терма жамоага чақирмаслик шартини қўйгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу билан ёш ҳужумчининг нега терма жамоага чақирилмаётгани тўғрисидаги шубҳалар яна аланга олди. 

Тан олиш керак, Аргентина мураббийлари штаби Мауро Икарди айнан Месси талабига кўра терма жамоага чақирилмаяпти деб бирор марта айтмаган. Лионелнинг ўзи эса бундай саволларни ҳар доим жавобсиз қолдирган.  

Аммо, Аргентина мураббийлар штабининг Икардига нисбатан бундай муносабатини тушуниш мумкин. Маълумки, Месси Макси Лопес билан «Барселона»да бирга ўйнаган ва иккиси қалин дўст саналади. Бундан ташқари, Лионель оила қадриятларини чуқур ҳурмат қилиши билан ном таратган. Устига-устак, Месси Аргентина терма жамоасининг етакчисидир, мураббийлар штаби унинг гапига қулоқ тутиши табиий ҳол. 

Россиялик футболчи Антон Швец «Вильярреал» таркибида ўйнаб юрганида, «Барселона»га қарши баҳсда юз берган воқеани гапириб берганди.

«Ҳимоячи Матео Мусаккьо Месси билан қаттиқ тўқнашиб кетди. Шунда Лео ўгирилиб, унга бир нарсаларни гапирди. Нима деганини эртаси куни телекўрсатув орқали билиб олдик. Маълумки, стадионда кўплаб камералар футболчиларни кузатиб боради. Телекўрсатувда Мессининг сўзларини талқин қилишга муваффақ бўлишди. У «Агар менга қарши шундай қўполлик қилсанг, терма жамоада ўйнамайсан», деган экан».

Аргентиналик журналист Фернандо Ньембронинг сўзлари эса бундан ҳам кескинроқ.

«Сампаоли таркибга Маскеранони киритишни, айниқса яримҳимояга қўйишни истамаяпти. Аммо уни бунга мажбур қилишмоқда. Ҳозирги кунда Аргентина футбол федерациясининг ҳақиқий раҳбари - Тапия эмас, балки Месси. Тапия аслида оддий ходим. Сампаоли эса нимани буюришса, шуни қилмоқда».

2017 йилда вазият ўзгарди. Эдгардо Бауса қониқарсиз натижалар туфайли Аргентинани тарк этди. Терма жамоа кўп йиллардан буён илк маротаба мундиалга чиқа олмаслик хавфи остида қолди. Янги бош мураббий Хорхе Сампаоли «альбиселесте»ни қутқариши лозим эди. Мутахассис катта босим остида қолиб, Икардини ЖЧ-2018 саралашининг сўнгги 3та тур ўйинларида терма жамоага чақирди. Бу борада, ҳатто талабчан Месси ҳам, ўз қатъий фикрини бироз юмшатган бўлса ажаб эмас. Аммо, Мауро бу ўйинларда майдонга тушиб, ўзини кўрсата олмади ва бирорта гол урмади. 

Аргентина эсон-омон жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди, Икарди «Интер» билан ажойиб мавсумни ўтказди, ҳатто унинг «Реал»га ўтиши ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Бироқ, Мауро учун терма жамоа эшиклари яна ёпилди. Футболчи ҳатто ўртоқлик ўйинларига ҳам бирор марта чақирилмади.

Аргентина терма жамоаси ва «Интер» клубининг собиқ ҳужумчиси Эрнан Креспо нега Мауро Икарди жаҳон чемпионатига бормаслиги ҳақидаги фикрларини айтди. Бу гапларда жон бор.

«Агар «Интер» раҳбари бўлсам, Икардини ҳеч қачон сотмаган бўлардим. Энг яхши футболчи билан хайрлашиб, таркибни кучайтириб бўлмайди. 

Жарима майдони ичида Маурога тенг келадигани йўқ. У ҳар иккала оёғи билан зўр зарба беради. «Иккинчи қаватда» ҳам яхши ўйнайди.

Роналду ва Месси — ўзга сайёрадан келган футболчилар, аммо Икардини улар билан тенглаштирган бўлардим. Афсуски, Месси билан юзага келган низо сабабли, у жаҳон чемпионатига боролмайди. Бу жуда катта хато. Аргентинага Мауро каби футболчи керак», — деди Креспо.

Аргентина ЖЧ-2018да нималарга эришишини вақт кўрсатади. Мундиал терма жамоанинг кўп йиллик юлдузи Лионель Месси учун охирги имконият деб айтилмоқда. 25 ёшли Икарди эса бу баҳсларни ТВ орқали томоша қилади ва шубҳасиз, Месси фаолиятини якунлагач, терма жамоага қайтишни орзу қилади.