Эрон президенти терма жамоанинг жаҳон чемпионатидаги муваффақиятига ишонмоқда
May 21, 2018, 9:36 p.m. 1977

Эрон терма жамоаси футболчилари ЖЧ-2018 мусобақасида муваффақиятли иштирок этишга қодир. Бу ҳақдаги мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний сўзларини Тасним ахборот агентлиги келтирмоқда.

«Машғулотларингиз, меҳнатингиз ва руҳий кучингизни инобатга оладиган бўлсак, ғалаба ва муваффақиятни эришиб бўлмас нарса деб қараш нотўғри» - деди Руҳоний Эрон терма жамоаси билан бўлган учрашувда.

«Ғалаба - бу фақат бир жамоадан устун келиш ёки бир неча гол уриш дегани эмас. Ҳақиқий ғалаба нафақат натижадан, балки яхши ўйин ва мухлислар ишончини қозонишдан иборат бўлиши ҳам мумкин».

Руҳоний футболнинг бошқа спорт турларига нисбатан алоҳида ўрин тутиши ҳақида ҳам гапирди.

«Футбол фаолиятингизни бошлаганингизда, қандай катта масъулиятни ўз зиммангизга олганингиз ва муваффақиятингиз инсонларнинг маънавий руҳини баланд қилишини билган эдингиз» - деди у.

Эслатиб ўтамиз, Эрон терма жамоаси ЖЧ-2018 гуруҳ босқичида Испания, Португалия ва Марокаш билан беллашади.