Саудия Арабистони мухлислари Чемпионлар Лигасини ўғринча томоша қилмоқда
May 19, 2018, 6:46 p.m. 3821

Саудия Арабистони билан Қатар ўртасидаги сиёсий зиддият футбол мухлислари учун катта зарба бўлди. 

Қироллик раҳбарияти Қатар компаниялари ва маҳсулотларига мамлакат ҳудудига кириш ва ишлашни тақиқлаб қўйди. Уларнинг орасида beIN Sports телеканали ҳам бор.

Маълумки, бу телеканал жаҳон чемпионати, АПЛ ва Чемпионлар Лигаси ўйинларини Ўрта Шарқда намойиш қилиш учун эксклюзив ҳуқуқларга эга.

Айни пайтда, саудияликлар beIN Sports трансляцияларини фақат интернетда, нархи 100 евро турадиган махсус декодер ускуна орқали ўғринча томоша қилишяпти. Бунда телеканал логотипи beOutQ деб ўзгартирилган. 

Қатар компанияси раҳбарияти бундай «ўғрилик»дан норози бўлиб, ноқонуний трансляцияларни тўхтатишни талаб қилмоқда.

«Ўғриланган сигнални Arabsat провайдери мижозларга тарқатяпти. Бу компаниянинг бош акционери Саудия Арабистони ҳисобланади. Бу ишни уй шароитида қилиб бўлмайди. Буни амалга ошириш учун чуқур билим ва миллионлаб доллар керак бўлади», — деди beIN Sports телеканали ижрочи директори Том Кивени.

Саудия Арабистони маданият ва ахборот вазирлиги вакиллари қатарликларнинг бу даъвосига ҳеч қандай жавоб бермаган.