Бизнинг Буффон
May 19, 2018, 2:10 p.m. 5274

Италиялик афcонавий дарвозабон Жанлуижи Буффон "Ювентус"ни тарк этмоқда. Туриндаги 17 йиллик даврида у жуда кўп шахсий ва жамоавий совринларни қўлга киритди, 11 маротаба Италия чемпиони, 4 маротаба кубок соҳиби бўлди, уч марта ЕЧЛ финалида ўйнади, (IFFHS уни 21-асрнинг биринчи ўн йиллигининг энг яхши дарвозабони деб эътироф этди. Ва яна у Италия В Сериясида ҳам "Ювентус" билан иштирок этди. Жаҳон чемпиони бўлган дарвозабон Турин жамоаси жазо сифатида қўйи лигага тушириб юборилганда жуда кўп таклифларни рад этиб, жамоаси билан қолишни афзал билди. Ҳақиқий профессионал. 

Аслида Буффон "Парма" клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2001 йилда, 31 ёшида "Ювентус"га кетди. Туринликлар у учун тўлаган пул ўша давр учун рекорд эди - 34 миллион евро. То ўтган йили "Манчестер Сити" Эдерсон учун кўпроқ тўламагунча, Буффон дунёнинг энг қиммат дарвозабони бўлиб турганди.  

Бугун Буффоннинг "Ювентус" таркибидаги сўнгги учрашуви бўлиб ўтади. Навбатдаги мавсумда ҳам мамлакат чемпиони бўлган туринликлар ўз майдонларида "Верона"ни қабул қиладилар. Мана шу ўйиндан кейин у фаолиятини якунлаш ёки бошқа жамоада давом эттириш борасида ўз қарорини айтади. 

Пайшанба куни Жанлуижи Буффоннинг хайрлашув матбуот анжумани ташкил қилинди. 

"Мен "Ювентус"дан кетаман, шанба куни менинг клубдаги сўнгги учрашувим бўлиб ўтади" - деди у, - "бу ердаги саргузаштим икки соврин билан ниҳоясига етади. Мен бу ерда ўйнаганим ва жамоа учун бор кучимни сарф қилганимдан бахтиёрман".

Аввалроқ, оммавий ахборот воситалари шу куни 40 ёшли дарвозабон фаолиятини якунлаганини айтишини тахмин қилгандилар. Аммо бу қарор бироз ортга сурилди. Ҳозирда Буффон учун қизиқарли таклифлар бор, шунингдек, "Ювентус"нинг ўзи клуб бошқарувида лавозим таклиф этмоқда.  Жанлуижи агар фаолиятини давом эттирадиган бўлса, Италиядан ташқарида бўлиши ҳақида айтди. 

"15 кун олдин мен якунлашимга амин эдим. Аммо ҳозирда бир қанча қизиқ таклифларга эгаман. Баъзилари футболчи сифатида қизиқиш билдиришган, баъзи таклифлар эса, майдондан ташқаридаги фаолият билан боғлиқ. Келаси ҳафта якуний қароримни ошкор қиламан" - деди дарвозабон. 

У агар футболни тарк этса, менежерлик ёки мураббийликни ўргатадиган махсус курсларга қатнашни режалаштиряпти. Клуб президенти Андреа Аньелли ҳам Буффонни қўллаб қувватлади ва унинг ҳар қандай қарори клубда хайрихоҳлик билан қабул қилинишини айтди.  

"Ювентус"да Буффоннинг ўрнини дарвозада Войцех Шчесни эгаллайди. Жамоа сардори эса, Жоржио Кьеллини бўлади. "Бизда ажойиб дарвозабон Войцех бор. У мендан 13 ёшга кичик. У илк кунларданоқ ақлли ва кучли дарвозабон эканини намойиш қилганди. Кьеллинига келса, унга маслаҳат беришим ҳам шарт эмас, у билан узоқ йиллар бирга ўйнадик ва сардорлик вазифасини уддалашига ишонаман" - бу ҳам қаҳрамонимизнинг сўзлари. 
"Буффон биз билан энг яхши кунларимизда бирга бўлди ва ундан чексиз миннатдормиз. Биз унинг ҳар қандай қарорини хурмат қилишимизни яхши билади. Унга фақат раҳмат айтишимиз ва шанба кунги ўйиндан завқ олишимиз мумкин" - деди матбуот анжуманида Аньелли. 

Клуб бош директори Жузеппе Маротта афсонавий футболчини ўрнини босиш клубга осон бўлмаслигини алоҳида таъкидлади. Бу ерда гап фақат етти метрли дарвозани қўриқлашда эмас, Буффон жамоада ҳақиқий етакчи, руҳий йўлбошчи ва профессионал эди.   

Италиялик собиқ дарвозабон Дино Дзофф ҳам Буффондаги профессионализм ҳаммага ўрнак бўлиши кераклигига урғу берди:
"Мен ишонч билан айта оламанки, у барча даврларнинг энг яхши дарвозабонларидан биридир. У профессионализмнинг яққол намунасидир, унинг шунча йиллар ажойиб формасини сақлаб келгани ва ғалаба қозонишда давом этгани диққатга сазовордир" - деди Дзофф. 

Буффон энди фаолиятини якунлайдими ёки бошқа клубда давом эттирадими, бу муҳим эмас, у ўз номини футбол тарихига зархал харфлар билан ёзиб қўйгани аниқ. 

Қизиғи, нафақат рақиб футболчилари, ҳатто бошқа жамоа мухлислари ҳам уни ёқтириши, ўзиникидек қабул қилиши ҳам ҳайрон қолдирмайди ҳеч кимни. Худди шундай бўлиши керакдек. Буффон учун ҳам "Ювентус" финалда ютиши керак, Буффонга "Олтин тўп" бериш керак, Буффон учун Италия чемпионатга бориши керак эди, Буффонга ачиндим - бундай гапларни кўп эшитганмиз, айтганмиз.   

Аслида Буффон ҳақида кўп ёзиш мумкин. Ва аниқки, бу гапларнинг бирортаси янгилик бўлмасди. 23 йил давомида уни кузатиб келдик, у билан бирга улғайиб бордик, у билан бирга футбол билан дўстлашдик. Қайсидир маънода, Буффон бизнинг футбол оламидаги умримизни акс этаётгандек. Ёш, навқирон, умидли, кейин эса, дунёнинг энг яхшиларидан бири, ана кетади, мана кетади, яна бир йил қолар экан ва ҳоказо. Унинг мағлубиятларини ҳам, ғалабаларини ҳам кўрдик. Ҳар қандай вазиятда унинг бир хил - йиғлаб турган ҳолатини кўрардик. Кимдир профессионал дейди, кимдир садоқатли, кимдир ростанам зўр дарвозабон дейди, кимдир мадҳия айтишини мақтайди. Лекин энг аввало, унинг мана шу йиғлаб турган ҳолати ҳақиқий Буффонни, унинг ҳақиқий образини ифодалайди: у барчасини қалбига жуда яқин оларди. Йўқ, ютқазишни билмаслик, рақибдан аламини олиш, кимнидир айблаш, йўқ, ундай эмас. Биз доим унинг энг биринчи бўлиб рақибини табриклаётганини ҳам кўрганмиз. У ғалаба ҳам, мағлубият ҳам аввало ўз жамоасидан, ўз меҳнатидан эканини ҳаммадан яхши тушунарди гўё. Шунинг учун ҳам йиғларди. ҳақли равишда мағлуб бўлганидан, ҳақли равишда ғалаба қозонганидан йиғларди. Шунинг учун ҳам у мағлубиятдан кейин ҳам енгилмасди. Қайтиб келаверарди. Қайтиб курашаверарди.

Аслида Буффон ҳақида кўп ёзиш мумкин. Бу гапларнинг бирортаси ҳам янгилик бўлмайди. Келинг, яхшиси унинг ижтимоий тармоқда "Ювентус" мухлисларига атаб ёзган мактубини ўқийлик. Аслида у ерда ҳам янги гап йўқ. Фақат Буффондан чиқиши мумкин бўлган, айнан Буффонга ҳаммадан кўра ярашадиган гаплар. Лекин барибир, негадир, ўқиганингизда таъсирланасиз, энди биринчи эшитиб турган гаплардек, олдин ҳеч қачон эшитмаган ҳақиқатдек қабул қиласиз. 

Яхшилик эскирмаслигига ёрқин мисолдир бу... 

"Олти минг бир юз ўн бир кун. Эҳтирос, қувонч, кўз ёшлар, мағлубият ва ғалабалардан иборат олти минг бир юз ўн бир кун...

Раҳмат. Ҳаммаларингга раҳмат. Менинг оқ қора либосдаги олти минг бир юз ўн бир кунимга ранг киритганларинг учун. Бу либос менинг теримга айланди. Мен уни кийиб юрдим, яхши кўрдим, хурмат қилдим. Бу либосни бор эҳтиросим билан ҳимоя қилдим. 

Эртадан бошлаб бу йўл тугайди. Биз биргаликда ёзган бу қалин китоб ёпилади. Мен ўзимни тутиб тура олмаяпман. 
Янги кун, янги китоб, янги йўл бошланади. Буни ҳам босиб ўтишим керак. 

"Ювентус" доимо ҳар қандай футболчидан буюк бўлиб қолади. Клуб яна ўз сахифасига ёрқин дамларни, ғалабаларни ёзишда давом этади. "Ювентус"нинг хусусияти бу, ўзига хос ва ажойиб. 

"Ювентус" - менинг оилам. Мен ҳеч қачон уни яхши кўришдан, унга миннатдорчилик билдиришдан, уни уйим деб аташдан тўхтамайман. У менга кўп нарса берди. Мен унга берганимдан анча кўп. 

Мен энди келажакка бошқача боқмоқчиман. Янги чақириқлар учун тайёрман. Албатта, ташвишли кунлар ҳам бўлади, ахир бу мен учун янгилик эмас, бутун фаолиятим мағлубиятлар ва ғалабалар ўртасида кечди, ҳар бир ҳис олдингисидан фарқ қилар эди. 

Мен бу стадионга велосипедда келгандим. Мен жуда ёш эдим. Эртага бу ернинг ҳар бир лаҳзасидан завқланиб, тарк этиш ғамини ҳам, бу тарихнинг бир бўлаги бўлиш завқини ҳам туйиб кетмоқчиман. Биламанки, ўз уйим дейдиган бу ердан руҳан узоқ бўла олмайман. Ҳеч қачон. Менинг укаларим бўлган жамоадошларим ва бу ердаги дўстларим билан сўнгги марта ёнма ён бўламан.  

Доимо сиз билан қолувчи, сизнинг "Жанлуижи Буффон"