Мундиални кутиб. Таништирув: Сенегал
May 18, 2018, 4:03 p.m. 3862

СЕНЕГАЛ
Мустақиллиги: 20 август, 1960 йил
Расмий тили: француз, араб
Бошқарув шакли: президент-парламент республикаси
Аҳолиси: 135 миллион (71-ўрин)
Валютаси: франк

СЕНЕГАЛ ТЕРМА ЖАМОАСИ.
Лақаби – «Таранга шерлари»
Жамоа либоси – яшил (оқ)
Конфедерация – АФК
Федерация – Сенегал футбол федерацияси
Жаҳон чемпионати – Чорак финал (2002)
Африка кубоги – Вице чемпион (2002)
Терма жамоа таркибида энг кўп иштирок этган – Анри Камара (99)
Энг кўп гол киритган – Анри Камара (29)
Илк ўйин – 1961 йил. 31 декабрь. Дагомея - Сенегал - 3:2
Энг йирик ғалаба – 1984 йил. 13 февраль. Сенегал – Мавритания - 8:0
Энг йирик мағлубият – 2017 йил. 23 август Гвинея - Сенегал – 5:0

Осиё мундиали

Фото: AFP

2002 йил 31 май. Сеул. Илк бор Осиёда ташкил қилинган жаҳон чемпионатидаги очилиш ўйинида жаҳон чемпиони Франция терма жамоаси тарихида илк бор мундиалда қатнашаётган Сенегалга қарши майдонга тушди. У пайтларда турнирни майдон эгалари эмас, чемпионлар очиб беришарди. Бунинг устига, рақиб Африка вакили бўлгач, баъзилар беихтиёр ЖЧ-90даги Аргентина ва Камерун учрашувини ёдга олган бўдса ажаб эмас. Шундай бўлсада, икки йил олдин Европада ҳам тенгсизлигини исботлаган Франция бу турнирга ҳам асосий фаворит сифатида келган, қандайдир сюрприз умидида телевизорни ёққан мухлис ҳам бу хаёлни миясидан чиқариб ташлаган бўлиши табиий.

Лекин ўйин бошлангач, ростдан ҳам Сенегални ютиш осон эмаслиги кўрина бошлади. Негадир француз юлдузларининг ўйини қовушмас, айнан Франция чемпионатининг қуйи лигалари ёки ўртамиёна клублари футболчиларидан ташкил топган Сенегал эса, бирор жабҳада «акалари»дан қолишмас эди. Дисквалификация туфайли гуруҳдаги дастлабки икки ўйинда Зидан майдонга тушмаслигидан бошида унчалик хавотирда бўлмаган мухлислар ҳам энди тил тишлашди - ростдан ҳам Зиданнинг ўрни билина бошлаганди.

Хуллас, шу турнирдан кейин машҳур бўлиб, Франция чемпионатига йўл олган Пап Буба Диопнинг ягона голи учрашув тақдирини ҳал қилди. Уругвай ва Дания билан ўйинларда ҳам ғалаба қозона олмаган чемпионлар эса, мусобақани тарк этишди.

Сенегал кейинги ўйинларни анча ишончли ўтказди. Дания ва Уругвай билан дуранг ўйнади. Анри Камара, Диоп, Сиссе, Эл Ҳожи Диуф, Фадига каби футболчилар чинакам кашфиётга айланишди.

Нимчорак финалда Швеция устидан қозонилган ғалаба эса, ҳозиргача Африка мамлакатлари учун сақланиб келаётган энг яхши натижа – чорак финал масаласини ҳал қилди. Юқорида эсланган Камерун ҳам чорак финалгача боришган эди. Сенегал қўшниларидан фарқли равишда илк уринишдаёқ бу чўққини забт этди.

Бу мундиал Сенегал учун ривожланиш учун дадил қадам сифатида хизмат қилиши керак эди. Зеро ЖЧ-2002 да кашфиётга айланган бир қатор футболчилар Европанинг топ чемпионатларидан таклифлар олди. Мисол учун Эл Ҳожи Диуф «Ливерпуль»га трансфер қилинганди. Нафақат мундиал, ўша йили Сенегал Африка чемпионатида ҳам жуда яхши қатнашди. Ўша даврлардаги қитъанинг энг кучли жамоаси Камерун финалда фақат пенальтилар серияси ёрдамида «дакарлик шерлар»ни мағлуб этганди холос. Аммо...

Тажрибали мураббий Бруно Метсю БААдан таклиф олди ва клубда ишлашга қарор қилди. Янги мураббий қўл остида Сенегал барибир кучли жамоа бўлиб қолса-да, олдинга қадам ташлашга қодир эмасди. ЖЧ-2006 саралашида сенегалликлар Того терма жамоасини олдинга ўтказиб юборишди.

Ўша юқорида эсланган мундиалдан буён Сенегални жаҳон майдонларига кўрганимиз йўқ. Ниҳоят, айнан ўша таркибда майдонга тушган ва ҳатто сардорлик боғичи билан шерикларини олдинга бошлаган футболчи мураббийга айланиб, эски даврларни бугунги юлдузларга эслатиб қўймагунча, яъни 16 йил Сенегал ҳақида ҳеч нарса билмадик.

Мураббий: Алию Сиссе

Фото: diez.hn

Сиссе ўша мундиалда терма жамоанинг энг таниқли аъзоларидан бири эди. У «ПСЖ» таркибида ҳам икки мавсум тўп сурган, чемпионатдан кейин Англияга йўл олганди. «Бирмингем», «Портсмут», кейинчалик Франциянинг қўйи лигаларидан тўп суриб юрган Сиссе 2011 йилдан бери мураббийлик билан шуғулланиб келмоқда.

2012 йилда Сенегал Амара Траорени истеъфога чиқаргач, вақтинча бош мураббий вазифасини бажарди, кейин эса, то 2015 йилгача Ален Жиресга ёрдамчи бўлди.

2015 йилдан бош мураббийликка ўтган Алию жамоа ўйинида ижобий ўзгаришни амалга оширди. Натижаларда ҳам. Айниқса, 2017 йилда Сенегал тарихида янги саҳифа очди дейиш мумкин. Шу йили терма жамоа ҳам жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди, ҳамда Африка кубогида чорак финалгача етиб борди. Ҳар икки натижа ҳам охирги марта аср бошларида, ўша Алию Сисси футбол ўйнаб пайтларида рўй берганди.

Саралаш ўйинлари: ЖАР билан плей-офф

Фото: Getty Images

Аслида, агар ФИФАнинг ўз вақтида аралашуви бўлмаганда, Сенегал бу сафар ҳам мундиалдан четда қолиши мумкин эди. Саралаш ўйинларининг сўнгги босқичида Сенегал Буркина Фасо, ЖАР ва Кабо Верде билан бир гуруҳда ҳаракат қилди. Гуруҳдан фақат бир жамоа омон чиқишини ҳисобга олсак, қийин гуруҳ.

Сенегал илк ўйинда ғалаба қозонган бўлса-да, асосий рақиб ЖАРга қарши ўйин 2-турга тўғри келди. Жанубликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Аммо ўйиндан 5 ой ўтиб, 2017 йилнинг мартида ФИФА учрашув ҳаками ганалик Жосеф Ламптини мезбонларга ён босиб, учрашув натижасига таъсир қилганликда айблади ва бутун умрга футболдан четлатди. Ўйин натижаси эса бекор қилиниб, қайтадан ўтказиладиган бўлди.

Кейинги ўйинларда Буркина Фасо билан икки дуранг ва Кабо Верде устидан иккинчи ғалаба Сенегалга мундиалга чиқиш учун имконият очди. Сиссе шогирдларида 8 очко, ЖАР ҳисобида эса, 4 очко. Олдинда бу икки терма жамоанинг икки учрашуви кутиб турарди. Сенегал нафақат ЖАРни ўзига яқинлаштирмаслик, балки Буркина Фасони олдинга қўйиб юбормаслик учун ҳам бу икки ўйинда камида 2 очко олиши шарт бўлиб қолганди.

Сенегал илк ўйиндаёқ вазифани ҳал қилди. ЖАРда қайта ташкил қилинган ўйинда меҳмонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди ва очколари сонини 11тага етказиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритишди. Расмиятчилик мақомида ўтган иккинчи ўйинда ҳам Сенегалнинг қўли баланд келди ва «шерлар» саралаш босқичини мағлубиятсиз якунлади.

Бугунги Сенегал

Фото: World Cup

Терма жамоа таркиби худди баъзи африкалик жамоалар каби, гўёки бир икки машҳур номни биласиз, лекин яхшилаб эътибор берганингизда жуда тажрибали, Европада ўз номига эга бўлган бир қатор футболчилар билан таркибнинг жуда кучли эканини сеза бошлайсиз.

«Ливерпуль»нинг алмаштириб бўлмас футболчиси, яқинда Чемпионлар Лигаси финалида тўп сурадиган Садио Манени танийсиз. Мусса Соу («Бурсаспор»), Маме Диуф («Сток Сити»), Кейта Балде («Монако»), Диафра Сако («Ренн»), Мбай Нянг («Торино») – бу номларни ҳам эшитгансиз. Буларнинг ҳаммаси сенегаллик ва ҳаммаси фақат ҳужум чизиғида тўп сурадиган футболчилар. Бу футболчилар билан ҳар қандай мураббий тажовузкор ва ҳужумкор футбол таклиф этиши мумкин.

Шунингдек, ярим ҳимоя марказида ҳам АПЛда тобланган футболчилар тўп суради. Идрис Гуйе «Эвертон»нинг ишончли таянч ярим ҳимоячиларидан бири, айниқса ушбу мавсумда кўпгина кўрсаткичлар бўйича ҳатто Нголо Кантени орда қолдириб, Англиянинг энг яхши футболчилари қаторига кирди. «Вест Ҳэм»даги Шейх Куятени ҳам кўпчилик жуда яхши танийди.

Ҳимоядаги етакчи Калиду Кулибалини эса, мундиалда ҳамма кузатса керак. «Наполи» ҳимоячисига Англиянинг деярли барча топ клублари, қолаверса, «Барселона» ҳам «оғиз солган». «Наполи» футболчининг нархини 100 миллион евродан ортиқ деб эълон қилди. 26 ёшли футболчининг трансфери катта эҳтимол билан мана шу ёзда амалга ошади ва аниқки, Кулибали Сенегал тарихидаги энг қиммат футболчи сифатида тарихга киради. Бунинг учун эса, албатта, жаҳон чемпионатини муносиб ўтказиши керак.

Якуний таркиб:

Куни кеча, Сенегал расман Россияга борадиган футболчилар руйхатини эълон қилди. Танишинг:    

Дарвозабонлар: Абдулайе Диалло («Ренн»), Хадим Н'Диайе («Хоройя»), Альфред Гомис (СПАЛ); 
Ҳимоячилар: Калиду Кулибали («Наполи»), Кара Мбодж («Андерлехт»), Ламин Гассама («Аланьяспор»), Мусса Ваге («Эйпен»), Юссуф Сабали («Бордо»), Салиу Сисс («Анже»), Салиф Сане («Ҳанновер»); 
Ярим ҳимоячилар: Папа Алиуне Н'Диайе («Сток Сити»), Шейх Н'Дойе («Бирмингем»), Шейку Куйяте («Вест Хэм»), Альфред Н'Диайе («Вильярреал»), Идрисса Гейе («Эвертон»); 
Ҳужумчилар: Маме Бирам Диуф («Сток Сити»), Диафра Сахо, Исмаила Сарр (оба – «Ренн»), Мусса Конате («Амьен»), Бальде Кейта («Монако»), Мусса Соу («Бурсаспор»), Садио Мане («Ливерпуль»), М'Байе Ньянг («Торино»). 

Захира: Адама Мбенге («Кан»), Фаллу Диань («Метц»), Фамара Дьеду («Бристоль Сити»), Анри Севе («Сивасспор»).

ЖЧ-2018
Жаҳон чемпионатида Сенегалга ўтса бўладиган рақиблар тушди. Албатта, гуруҳдаги бошқа жамоаларга нисбатан ҳам худди шу иборани ишлатиш мумкин.

Сенегал илк ўйинини Европа вакили Польшага қарши 19 июнь куни Москвада ўтказади. 24 июнь куни Екатеринбургда Япония билан, 28 июнда эса, охирги учрашув Колумбия билан ўтади. Бу ўйин «Волгоград Арена»да ўтиши кўзда тутилган.

Колумбия, Япония, Польша – бу жамоаларнинг барчасини Сенегал 1:0 ҳисобида ютиши, ёки ҳамма ўйинни 0:1 ҳисобида ютқазиши ҳам мумкин. Фақат футбол юлдузлари ёки фаворитлар эмас, кескин курашни ёқтирадиган мухлислар учун қизиқарли тўртлик. Олдиндан айтиш мумкинки, сенегаллик футболчилар курашишга ўрганиб қолишган.

Қаҳрамон Асланов