Мундиални кутиб. Таништирув: Англия
May 17, 2018, 1:45 p.m. 9436

АНГЛИЯ

Ташкил топган: 928 йил
Расмий тили: Инглиз
Бошқарув шакли: Парламент монархияси (Британия таркиби)
Аҳолиси: 53 миллион
Валютаси: фунт стерлинг

АНГЛИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ.
Лақаби – «Уч шер» 
Жамоа либоси – оқ ва қизил
Конфедерация – УЕФА
Федерация – Англия футбол асоциацияси
Жаҳон чемпиони – 1966
ЖЧ финалчиси – 1950
Европа Чемпионати - Бронза (1968, 1996)
Терма жамоа таркибида энг кўп иштирок этган – Питер Шилтон (125)
Энг кўп гол киритган – Уэйн Руни (53)
Илк ўйин – 1872 йил. 30 ноябрь. Англия - Шотландия - 0:0
Энг йирик ғалаба – 1882 йил. 18 февлаль. Ирландия – Англия - 0:13
Энг йирик мағлубият – 1954 йил. 23 май Венгрия - Англия – 7:1

«Футбол» сўзи, инглизча «foot» - «оёқ» ва «ball» - «тўп» сўзларининг бирлашмасидан ташкил топган. Тўп билан ўйналадиган ўйин қадимий Хитойда ҳам, Спарта-ю Римда ҳам мавжуд бўлган, ўрта асрларда италияликлар Британия оролларига «кальчо»ни олиб келганликлари айтилса-да, бу ўйинни маълум қоидалар доирасига киритиш 19 аср ўрталарида айнан инглизлар томонидан амалга оширилади. Илк футбол клуби ҳам 1857 йилда айнан Англияда ташкил топди - «Шеффилд».

Бечора инглизлар футбол ўйини сир-асрорларини бошқаларга сахийлик билан ўргатиб қўйишди ва оқибатда… Оқибатда ҳатто чемпионликни ҳам 36 йил кутишларига тўғри келди. Бенкс, Херст, Чарлтон, Мур каби ажойиб авлодни оламга кўз-кўз қилган инглизлар ўз майдонларида ўтган мундиалда шоҳсупанинг энг юқорисидан ўрин олдилар. Англия терма жамоаси Уругвай, Франция ва Мексика терма жамоаларини гуруҳ босқичида қолдириб кетдилар, плей-оффда эса Аргентина ва Эйсебионинг Португалияси мағлуб этилди.

«Уэмбли» ўйингоҳида, 93 000 мухлис қаршисида немисларга қарши кечган финал ўйини мундиал тарихидаги энг дурдона учрашувлар қаторидан жой олди. Сўнгги дақиқада ҳисобни тенглаштирувчи голни қабул қилган инглизлар қўшимча вақтда Херстнинг икки голи эвазига 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Шунингдек, ўша учрашувда учта гол киритган Херст ҳозиргача жаҳон чемпионатлари тарихида финалда ҳет-трикка эришган ягона футболчи сифатида қайд этилган. Ҳозиргача «Эвертон» мухлислари дербидаги рақибларига «Сизлар Англияда неча марта чемпион бўлсаларинг ҳам, фарқи йўқ, зеро биз жаҳон чемпиони бўлганмиз» деб ҳам ҳазиллашиб юришади. Сабаби ўша Херст ҳам, финалдаги яна бир гол муаллифи Петерс ҳам «Эвертон» футболчилари эди.

Фото: Wikipedia

Ана энди ўз ўрнимизни топдик, деб ўйлаган инглизлар кейинги мундиалдаёқ. пастга қулашди.  ГФР тўрт йил олдинги қасдини олди ва яна қўшимча вақтлар белгиланган чорак финал учрашувида Мюллернинг голи эвазига зафар қучдилар. Аламлиси ушбу учрашувнинг 68-дақиқасигача инглизлар 2:0 ҳисобида ҳисобда олдинда борганди.

Кейинги икки мундиал «устозларсиз» ўтди. Уёғигаям ёруғлик кўринай демасди. Инглизлар ҳар чемпионатни фаворитлар қаторида, ажойиб ғалабалар билан бошлашар, аммо айни муҳим паллада мағлубият аламини тортиб келаверардилар. Айниқса, ЖЧ-66 даги ғалабалар Англия учун қимматга тушди. Ўша мундиал аламзадаси ГФР ҳатто ЖЧ-82 да ҳам инглизларни ерга уришдан чарчамаганлигини эълон қилган бўлса, ЖЧ-86 умуман катта жанжалга сабаб бўлди.

ЖЧ-86 чорак финалида Диего Марадона исмли сеҳргар ҳатто қўл билан ҳам баъзан сездирмай гол урса бўлади, деб баёнот берди. «Биз футболни ихтиро қилганда, бундай ўйнаш йўқ эдику..» – инглизларнинг бу хитобини деярли ҳеч ким эшитмади. Фақатгина рақиб тарафдан «Бу Худонинг қўли эди» деган масхараомуз жавоб келди холос.

ЖЧ-90. Ҳақиқий инглиз футболининг охирги намоёндалари сифатида эътироф этилган Робсон бошчилигидаги терма жамоа Линекер, Паркер, Уодлл, Платт, Шилтон каби юлдузлар билан катта ниятда турнирни бошлади. Нидерландия, Ирландия ва Миср жой олган қийин гуруҳ ғолибига айланган Англия нимчоракда Бельгияга қарши ўйнади ва драматик ўйининг қўшимча вақтидаги Платтнинг голи барча масалага нуқта қўйди – 1:0. Кейин эса мусобақа кашфиёти Камерун ҳам сўнгги дақиқаларда тиз чўктирилди.

Ярим финал. Яна Германия. Жуда «қулоқсиз» ва «бетгачопар» шогирд чиқди бу немис деганлари. Биттадан гол алмашилди ва ўйин пенальтилар сериясига бориб тақалди. Начора. Пенальти қурғурнинг кашф этилишида инглизлар қатнашмаганди. Финалга ГФР йўл олди. 3-ўрин учун баҳсда Италия ҳам ярага туз сепди – 1:2.

Фото: ESPN

Ана энди инглизлар чинакамига аразладилар. ЖЧ-94 га, АҚШга бормадилар ҳам. Ҳеч ким уларни сўраб ҳам ўтирмади у ерда. Туққан эмас, тарбиялаган она эканда, футболга улардан ҳам ҳақлироқ бўлган Бразилия терма жамоаси тўртинчи чемпионликни нишонлади.

Мана шундагина инглизлар вазиятни англаб етдилар. Футболни кашф қилдик деб, мақтаниб юравериш яхшиликка олиб келмас экан. Нимадир яна бериш керак экан футболга. Шундагина нимадир олишнинг имкони бўларкан. Шунда улар барча шогирдларини ўз маконларига чорлашди. Қайтадан дарс бермоқликни ният қилишди чоғи. Англияда ўтказилган Евро-96 да ҳаммаси режадагидек амалга ошаётганди. Ҳатто Нидерландия ҳам 4:1 ҳисобида тор-мор келтирилгач, барча ўз устозларига яна бир бор тан бера бошлашди. Ширер-Гаскойн-Макманаман учлигининг ажойиб ўйинларига ҳамма мафтун бўлган пайтда, қарши тарафдан яна ўша... топдингиз, немислар чиқиб қолишди. 6 йил олдинги учрашган жамоалардан бармоқ билан саноқли ўйинчилар қолган бўлсада, бу таркиб ҳам ўша - «22 киши ўйнаб, оқибатда ғалаба қозонадиган немислар» эди.

Фото: Getty Images

Икки йил ўтгач, ЖЧ-98 нимчорак финалида яна айёр аргентиналикларга рўбару бўлишди. Футболни волейбол билан чалкаштириб юборадиган аргентиналиклар бу сафар Бекҳемни бокс тушишига мажбур қилишди. Бир киши кам бўлиб қолишганига қарамай, мардонавор ўйин кўрсатган инглизлар ҳимоячиси Кемпбелнинг урган голини ҳисобламай, ҳакам ҳам рақибга қарашиб юборди. Яна пенальтилар баҳсида мағлуб бўлган Англия учун ўша турнир Оуэнни кашф этилиши билан ёдда қоладиган бўлди холос.

Биринчи бор Осиёда ўтган кейинги мундиал олдидан Англия яққол фаворитлардан бири сифатида тилга олина бошлади. Чунки мамлакатда янги авлод шаклланганди, Бекҳэм, Фердинанд, Оуэн, Скоулз каби юлдузлар айни кучга тўлган паллада эдилар. Жамоанинг Аргентина, Нигерия ва Швеция ўрин олган ўлим гуруҳидан эсон-омон чиққанликлари ва шу билан бирга Аргентинадан ўч олинганлиги, нимчоракда эса Дания йирик ҳисобда мағлуб этилганлиги Бразилияга қарши ўйинда уларни салкам фаворитга айлантираёзди. Аммо Оуэн ҳисобни очганига қарамасдан, Англия ғалаба қозона олмади. Роналдиньо катта саҳнага чиқди ва дастлаб Ривалдони қулай вазиятга чиқарган бўлса, иккинчи бўлимда жарима зарбасини қойилмақом тарзда ижро этди. Инглизларга ўша Роналдиньонинг 57-дақиқада майдондан четлатилгани ҳам ёрдам бера олмади - 1:2

Германия – 2006. Бу сафар Жерард, Лемпард, Бекҳэмдан иборат ярим ҳимоя дунёда энг кучли эканлигини барча тан ола бошлаганди. 4 йил олдин бразилиялик футболчилар билан инглизларга тўғаноқ бўлган Сколари, худди шу ишни бу сафар Португалия терма жамоаси билан амалга оширди. Чорак финал учрашуви кўп жиҳати билан ЖЧ-98 даги Англия – Аргентина ўйинини эслатиб юборди. Қўпол ва катта босим остида кечган учрашув, Рунига кўрсатилган қизил карточка, Ленноннинг чиройли ҳаракатлари ва ҳакамнинг хатолари, пенальтилар серияси ва инглизлар мағлубияти. Фақат бу учрашувда ҳисоб очилмади.

Фото: The Daisy Cutter

Бу ҳам ҳолва экан. 2007 йилдаги Англия футболи кўрган муваффақиятсизлик барчани карахт аҳволга солиб қўйди. Эрикссон кўрсатган натижалардан ҳадеб ноливерган инглизлар озиб-ёзиб ўз ватандошлари Макларенни терма жамоа бошқарувига олиб келганди. «Мидлсборо»ни УЕФА кубогига олиб чиқиб, 0:4 ҳисобида ютқазган бўлса-да хурсанд қайтаверадиган мураббийнинг Фердинанд, Терри, Лемпард, Жерард каби ҳақиқий чемпионларга устозлик қилиши чинданам ғалати эшитиларди қулоққа. Худди шу жиҳатни Хорватиядан ўз майдонидаги аламли мағлубиятдан сўнг Маклареннинг ўзи ҳам тан олганди.

Европа майдонларида инглизларнинг яққол гегемонлиги, 2007, 2008, 2009 йилларда ЕЧЛ ярим финалида учтадан инглиз клубининг ўрин олиши, Скоулз, Жерард, Лемпард, Руни каби юлдузлар билан ҳам инглизлар ҳеч нарса қила олишмадими, демак, кейинги ўн йилликда, испан футболи тахтга ўтирган пайтда улардан катта натижалар кутиш жуда қийин эди. Бутун дунёда энди британлар ўрганиб қолган футболдан бошқача ўйнай бошладилар. Инглиз клублари ҳам одатий Британия, Скандинавия ёки Австлариядан эмас, Франция, Испания ё Нидерландиядан легионер олиб кела бошладилар. Ўйин услубидаги фарқлар қайсидир маънода маҳаллий футболчиларга ноқулайлик туғдирди ва узоқ йиллар инглиз футболчилари инглиз топ клубларида порлашмади деярли.  

ҲОЗИРГИ АНГЛИЯ

Фото: Lagos Television

Англияда, умуман, терма жамоада ҳозир ўзгариш даври дейиш мумкин. Россияга борадиган таркиб жаҳон чемпионатлари тарихида инглизларнинг энг ёш (26 ёшу 18 кун) таркибидир. 

Икки йил олдин Францияда бўлиб ўтган Европа чемпионатига Англия деярли шу таркиб билан келганди. Ўшанда ҳам «Тоттенҳэм» бешлиги (ҳозирда ўша бешликдан Уолкер «Манчестер Сити»га ўтиб кетган, аммо айнан ўнг қанотдаги Трипье ҳам терма жамоада Уолкерга рақобатчилик қилади) ва «Ливерпуль» мактабидан Стерлинг, Хендерсон, Александр Арнолд, шунингдек, «МЮ»дан Лингард ва Янг. Худди ўтган сафаргидан Варди ва Кейн ёнида ёш ҳужумчи Маркус Рэшфорд бор. Уэйн Руни, Жек Уилшир ва Жо Ҳарт бу сафар терма жамоадан четда қолди. Крис Смоллинг ҳам.

Асосий фарқ бу ерда эмас. Икки йил олдин деярли барча инглиз топ клублари кичик инқирозни бошдан кечираётган палла эди. «Лестер» чемпион бўлганини эсланг. Лестерликларга қаршилик қилган «Тоттенҳэм» ҳам узоқ танаффусдан сўнг, эндигина ЕЧЛ ўринларини қўлга киритган, ҳали ўйнашга улгурмаганди. Кейн, Алли, Дайер каби футболчилар АПЛ миқёсда кўзга кўринган бўлишса-да, Европа майдонларида ҳали тажрибага эга эмасди. Ҳожсон ўшанда жамоани «Тоттенҳэм» скелети билан қурганда, айнан мана шу жиҳатни балки ҳисобга олмагандир...

Лекин бу сафарги терма жамоа ҳақида ундай деб бўлмайди. Англияда Пеп Гвардиола, Антонио Конте, Жозе Моуриньо, Почеттино, Юрген Клопп каби мураббийлар 2-3 йилларини ўтказмоқдалар. Табиийки, топ клублар шаклланишди ва кучли олтилик юзага келди. Бу клублар энди лиганинг бошқа жамоаларидан яққол устунликни намойиш эта олишмоқда. Нафақат Англияда, балки Европада ҳам инглиз клублари яхши ўйнашди - тўпланган рейтинг очколари бўйича етти йилда биринчи марта Испания даражасига очко йиғишди. Беш жамоа ЕЧЛ плей-оффига чиқди - «Ливерпуль» финалда, «Манчестер Сити» умуман Европада энг яхши ўйин намойиш этди ва фақат бошқа инглиз клубига ютқазиб қўйди. «Тоттенҳем» Европанинг топ клубларига қарши қандай ўйнашни ўрганиб олди ва ҳатто «Реал» билан ўзаро баҳсларда устунлик қилди.

Албатта, мана шу ўсиш терма жамоа ўйинида ҳам яққол таъсир кўрсатади, энди футболчилар ҳар қандай рақибга нисбатан қўрқмасдан, кучли позициясияда туриб ҳам ўйнай оладилар.

ТАРКИБИ

Бош мураббий Гарет Саутгейт Россияга борадиган футболчилар руйхатини эълон қилди:

Дарвозабонлар: Поуп, Пикфорд, Батланд
Ҳимоячилар: Кейхил, Роуз, Уолкер, Трипье, Александр Арнолд, Жонс, Стоунз, Магуайр
Ярим ҳимоя: Дайер, Янг, Лингард, Лофтус Чик, Ҳендерсон, Лаллана, Стерлинг, Дельф
Ҳужумчилар: Варди, Кейн, Рэшфорд, Уэлбек

ПЕП «ЭФФЕКТИ»

Фото: World Cup

Тасодифми йўқми, қарангки, сўнгги икки жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган терма жамоа мамлакатидаги лигадаги етакчи жамоа мураббийи Пеп Гвардиола бўлиб чиқяпти.

2010 йилги ЖЧ олдидан «Барселона» Пеп бошчилигида дунёнинг энг кучли жамоасига айланганди ва айнан «Барселона» футболчилари асосида тузилган терма жамоа ЖАР да чемпионга айланганди. Ўша Испания таркибида тўп сурган каталонияликлар - Иньеста, Хави, Пике, Педро, Бускетс, Пуйол каби футболчилар терма жамоа асоси эди.

2013 йилда Гвардиола Бундеслигада, «Бавария»да иш бошлади. 2006 йилдан бери финалларга ва финал остоналарига етиб келган Германия терма жамоасида доим нимадир етишмагандек бўларди. Пепнинг услуби «Бавария»ни нафақат натижа бобида, балки ўйин бобида ҳам лигада бошқалардан анча илгарилаб кетишига сабаб бўлди. Терма жамоа ўйинида қандайдир хотиржамлик ва салобат пайдо бўлгандек кўринди. Лам, Швайштайгер, Мюллер, Боатенг, Нойер каби «Бавария» футболчилари терма жамоанинг ҳам асосини ташкил қиларди.

Энди Пеп Гвардиола Англияда фаолият олиб бормоқда. Унинг бошчилигидаги «Манчестер Сити» жуда катта фарқ билан АПЛда чемпион бўлди, бир қатор рекордларни қўлга киритди. Хўш, «Гвардиола эффекти» бу сафар ҳам иш берадими?

Аслини олганда, эътибор берсак, юқоридаги ўрнаклардан фарқ бор. «Барселона» ва «Бавария» терма жамоанинг ҳам асосини ташкил қилган бўлса, «Сити» ҳақида ундай деб бўлмайди. «Сити»дан терма жамоага атиги 4 футболчи таклиф қилинган ва улар айтиш мумкинки, клубда энг асосий позициядаги футболчилар эмас. Олдинги жамоалардан фарқли равишда, Гвардиоланинг бу жамоаси асосан легионерлар ҳисобига кучли бўлиб турибди.

Шундай бўлса ҳам, бир факт сифатида эътиборга олса арзийдиган жиҳат. Гвардиоланинг ташриф буюриши инглизларга аллақачон соврин келтириб бўлган. Инглизларнинг U19 ва U20 терма жамоалари Грузияда ва Австралияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларида ғолиб чиқишди. Лекин бу чемпионлар таркибидан Саутгейт ҳеч кимни Россияга олиб келмаяпти.

ЖЧ-2018

Россия чемпионатида инглизлар G гуруҳидан жой олган. Европанинг бугунги кундаги энг кучли жамоаларидан бири Бельгия, Африка вакили Тунис ва мундиал дебютанти бўлган Панама терма жамоалари ингизларга рақиб бўлади. Англия Тунис билан 1998 йилги чемпионатда бир гуруҳда ўйнаган. Англия ва Бельгия ижросидаги ЖЧ-90 нимчорак финалини ҳам кўпчилик эсласа керак, ўшанда британияликлар қўшимча вақтдаги гол ҳисобига ғалаба қозонганди.

Англия учун илк ўйин 18 июнь куни Волгоградда Тунисга қарши кечади. 24 июнда Нижний Новгородда Панама билан, сўнгги тур эса, 28 июнда Калининградда асосий рақиб - Бельгия билан.

Англия ўз имкониятларини ишга сола олса, ҳозирча уларни чорак финал иштирокчиси дейиш ҳам мумкин. Зеро 1/8 финалда бу гуруҳга рақиб бўладиган Н гуруҳидаги жамоалар у қадар кучли эмасдек кўринади - Колумбия, Япония, Сенегал. Аммо Англия ҳар қандай жамоага ютқазишни «билади».

Қаҳрамон Асланов