Мирзаҳаким Тўхтамирзаев нега футболни шарҳламай қўйгани, энг яхши шарҳловчи кимлиги ва жаҳон чемпионатига чиқиш учун бизга нима етишмаётгани ҳақида
May 17, 2018, 5:39 p.m. 13926

Таниқли спорт шарҳловчиси, айни пайтда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи лавозимида ишлаётган Мирзаҳаким Тўхтамирзаев Facebook ижтимоий тармоғида мухлислар саволларига жавоб қайтарди. 

Қуйида унинг Sports.uz сайтида чоп этилган фикрлари билан танишиб олишингиз мумкин.

- Мен Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтини тамомлаганман. Тил таълими методикаси бўйича диссертацияни ҳимоя қилиб, педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олганман, доцентман.

- Футболга болаликдан кириб келганман. Телевидениеда 1992 йилдан футбол шархлайман. Рости, болалагимда ҳаёлимдан ўтган - бир кун келиб, телевидениедаги ўзбек ва рус шарҳловчилари ўрнига битта ўзим шарҳласам қанийди деган ўй. Лекин ёшлигимда бу ҳақда ўйламаганман.

- Ҳозир Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғиман. Шу сабабли, шарҳлардан бироз узоқлашдим. Телевидениеда фақат кўрсатув ва ток-шоуларга меҳмон, мутахассис сифатида боряпман. Футболни кейинчалик шарҳлашим мумкинми? Насиб этса, албатта...

- Шарҳда тез гапираман? Футбол шарҳловчилигига таклиф этишганида ўқув кўрсатувидаги каби бамайлихотир гапирмаслик зарурлигини таъкидлашган эди. Шарҳда имкон қадар тез гапириш эса ўз даврининг етакчи спорт шарҳловчиси Николай Озеровдан ҳавас билан олган хислатлардан бири.

- Ҳаётдаги шиорим? Ёшликда танлаган шиорим: Сиз ва бизни омад тарк этмасин! Инсонлардаги самимият ва оқибатни кўпроқ қадрласам керак. Касб танлашимга мактабимиздаги ўқитувчиларимиз туртки бўлишган, уларга минг бор қуллуқ! 

- Юртимиздаги энг яхши шарҳловчи? Алоҳида бирини ажратиб кўрсатолмайман. Ҳар бир шарҳловчининг ўз ижобий хислатлари бор.

- Ўзбекистон футболини қандай ривожлантириш мумкин? Мустақиллик йилларида футболимизнинг моддий-техник базаси замон талаблари даражасига олиб келинди, кўплаб ареналар барпо этилди. Терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқиши учун хорижлик нейтрал ва моҳир мураббий керак. Шу билан бирга унинг хотиржам ишлаши учун имкон бериш зарур.

- Футболимизга нима етишмайди? ЖЧга чиқишимиз учун коррупция тўсқинлик қиладими? Агар футболчиларимизга муайян нимадир етишмаслигини билсак, аллақачон жаҳон чемпионатига чиқардик. Назаримда, футболчиларимизнинг маҳорати ва тайёргарлиги ҳозирча замонавий талабларга жавоб бермайди. Мураббийларимизга мустақиллик етишмайди.