Ёввойи Португалия. «Спортинг» базасидаги ҳужум тафсилотлари
May 16, 2018, 4 p.m. 7047

15 май куни Португалиянинг «Спортинг» клубининг капюшон кийган 50 нафарга яқин мухлиси Лиссабондаги клуб базасига бостириб киришди ва жамоа футболчиларига ҳужум қилишди. 

Sport.es хабарига кўра, юзи ёпилган 50 нафарга яқин шахс клуб қароргоҳига бостириб кирган ва жамоа бош мураббийи Жорже Жезусни, жамоанинг етакчи футболчиларини уришган, нидерландиялик легионер Баст Достни полга ётқизиб олиб, калтаклашган.

Бундан ташқари, фанатлар жамоанинг кийим алмаштириш хонасини ағдар-тўнтар қилишган, бошқа аъзоларга тасмалар, темир буюмлар ва машъала билан ҳужум қилишган.

Бас Дост бошидан жароҳат олган, Йосип Мишич ва Родриго Баттальяга ҳам тан жароҳатлари етказилган.

A Bola нашри хабарига кўра, Акунья ҳам жароҳатланган, жамоа физиотерапевти Марио Монтейра ва мураббий ассистенти Рауль Жозега тиғли қурол билан шикаст етказилган.

Ҳужумга нима сабаб бўлди?
Бир неча кун олдин «Спортинг» чемпионатнинг охирги тури доирасида сафарда «Маритиму»га ютқазиб қўйди ва иккинчи ўринга кўтарилиш имкониятини йўқотди. Бу ўрин жамоага кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этиш учун йўлланма бериши мумкин эди. Фанатлар Мадейрадаёқ норозиликларини билдиришган, лекин улар шунчаки ҳақоратлар билан чекланишганди.

Лиссабонда эса футболчиларни янада ашаддий фанатлар кутиб туришганди. «Алваладе» стадионига кириш жойида мухлислар гуруҳи жамоа етакчилари Виллиам Карвалью ва Руй Патрисиуга ташланишди, полициянинг аралашуви футболчиларни қутқариб қолди.

Учинчи уриниш эса «муваффақиятли» чиқди.

Қайд этиш керакки, клуб президенти Бруну де Карвалью футболчиларга нисбатан фанатларда нафрат уйғотиш билан банд бўлиб келмоқда. У бир неча марта жамоа футболчиларни ёмон натижалар учун қаттиқ танқид қилган, бир сафар асосий таркибни четлаштириш ниятини билдирганди ва бу катта шов-шув келтириб чиқарганди.

Душанба куни клуб президенти Жорже Жезушни истеъфога чиқарганди, аммо кўп ўтмасдан унга жамоани Португалия Кубоги финалида «Авеш»га қарши кечадиган учрашувга тайёрлаши маълум қилинди.

Футболчилар энди кубок финалини бойкот қилишадими?
Футболчилар рўй берган воқеадан қаттиқ карахт аҳволга тушишган. Уларнинг баъзилари шартномани бекор қилишмоқчи, аксар футболчилар кубок финалини бойкот қилишни исташмоқда. Базага Бруну де Карвалью келганида эса, футболчиларнинг ҳеч бири у билан гаплашишни истамаган. Жамоа етакчилари Виллиам ва Патрисиу футболчилар билан алоҳида учрашув ўтказиб, кейинги ҳаракатлар режасини тузишмоқчи. Улар айбдорларни жазолашни сўраб полицияга мурожаат қилишга тайёрланмоқда.

TYC Sports хабарига кўра, жамоанинг аргентиналик легионерлари Маркос Акунья ва Родриго Батталья шартномани бекор қилиб, клубдан кетишга қарор қилган.

«Спортинг» 20 май куни Португалия Кубоги финалида «Авеш»га қарши ўйнаши керак.