Саудия Арабистони ҳакам Ал-Мирдасий бўйича ФИФАга очиқ хат ёзди
May 16, 2018, 1:32 p.m. 3579

Саудия Арабистони футбол федерацияси ФИФАга мурожаат қилиб, Фаҳад Ал-Мирдасийни жаҳон чемпионатида ишлайдиган ҳакамлар рўйхатидан ўчиришни сўради.

Аввалроқ, федерация Фаҳад Ал-Мирдасийни футболдан умрбод дисквалификация қилган эди.

Федерация матбуот хизмати хабарига кўра, у Қирол Кубоги финалида иштирок этувчи клублардан биридан пора сўраган. Шундан сўнг, у ҳибсга олинган ва ўз айбини тан олган.

Аммо, айни пайтда Ал-Мирдасий ЖЧ-2018 ўйинларини бошқарадиган ҳакамлар рўйхатида турибди.

Эслатиб ўтамиз, Ал-Мирдасий Конфедерациялар Кубоги -2017 турнирида учинчи ўрин учун баҳсни бошқарган, шунингдек Рио-2016 олимпиадасида ҳам ишлаган эди.

Ҳакам Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларини ҳам бошқарган. Сўнгги марта у 2016 йил ноябрь ойида ўтказилган, ЖЧ-2018 саралашидан ўрин олган Жанубий Корея - Ўзбекистон (2:1) баҳсида бош ҳакам сифатида ишлаган эди.