Клуби фанатлари томонидан калтакланган Бас Дост интервью берди
May 16, 2018, 4:50 p.m. 3990

«Спортинг»нинг нидерландиялик ҳужумчиси Бас Дост лиссабонликлар клуби базасига клуб фанатлари томонидан уюштирилган ҳужум ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

Нидерландиялик ушбу легионер ҳужумдан энг жиддий жабрланган футболчи бўлди. Фанатлар уни жамоа стадиони ҳудудидаги кийим алмаштириш хонасида тутиб олиб, полга йиқитишган ва қаттиқ калтаклашган.

«Биз барчамиз шокка тушиб қолдик. Биз ўзимизни ҳақиқий хавф остида ҳис этдик.

Мен жуда тушкунликдаман. Жамоанинг кўпчилик футболчилари шундай ҳолатда», – деган Дост.

Футболчининг агенти Гюнтер Нойхаус ҳам рўй берган воқеаларга муносабат билдирган.

«Мен Достнинг хавфсизлиги учун зарур чораларни кўришим керак. Агар «Спортинг» ўз футболчиларини ҳимоя қила олмаса, биз бошқа чораларни кўришимиз керак бўлади.

Аммо бу сўзларим Дост шартномани бекор қилишга тайёр дегани эмас. Бу оғир вазиятда мен у ва унинг оиласи хавфсизлиги ҳақида ўйлашим керак», – деган агент.

Худди шу вақтда «Спортинг»нинг бошқа бир гуруҳ фанатлари клуб қароргоҳи олдида Баст Достдан безори фанатлар номидан узр сўраб, уни қўллаб-қувватлаган ҳолда митинг уюштиришган.