Карлуш Кейрушнинг Эрон терма жамоасидаги келажаги сўроқ остида турибди
May 16, 2018, 1:56 p.m. 1924

Эрон терма жамоасини жаҳон чемпионатида Карлуш Кейруш бошқаради, бу шубҳасиз. Аммо унинг кейинги фаолияти сўроқ остида қолмоқда, деб ёзади Tehran Times.

Маълумки, Кейруш май ойи бошида Дубайда ўтказилган Осиё Кубоги 2019 қуръасида иштирок этмади. Мураббий бу ишини ЖЧ-2018 тугагач, Федерация билан имзолаган шартномаси муддати ниҳоясига етиши ва Осиё Кубогида Эронни бошқармаслиги билан изоҳлади.

Сўнгги пайтларда, Кейруш жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш учун шароит яратиб бермагани туфайли, Эрон футбол федерацияси (ЭФФ) билан низога борган. Бундай можаро биринчи марта юз бераётгани йўқ, Кейрушнинг инжиқ мураббий экани ҳеч кимга сир эмас.

Эрон матбуоти хабарига кўра, мураббий ЖЧ-2018 турниридан сўнг, катта эҳтимол билан терма жамоани тарк этади. 

Маълумки, Эрон ЖЧ-2018 гуруҳ босқичида Португалия, Испания ва Марокаш билан беллашади. Тан олиш керак, форсларнинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари жуда паст. Аммо, Эрон Осиё Кубоги 2019 фаворити ҳисобланади. Агар Кейруш ўз лавозимида қолиб, Осиё кубогида иштирок этса, эронликлар 42 йиллик танаффусдан сўнг, олтин медалларни қўлга киритиш учун жуда яхши имкониятга эга бўлиши мумкин. Аммо, айни пайтда бу нарсалар мавҳумлигича қолмоқда.

Аввалроқ, Карлуш Кейрушнинг Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши ҳақида хабарлар тарқалган эди.