Испания термаси мураббийи Иньестага ҳурмат юзасидан ЖЧ учун таркибни эълон қилишни кечиктирди
May 16, 2018, 2:30 p.m. 6574

Испания терма жамоаси бош мураббийи Хулен Лопетеги 2018 йилги жаҳон чемпионати учун таркибни эълон қилиш санасини «Барселона» ярим ҳимоячиси Андрес Иньестага ҳурмат юзасидан 21 майга кўчирган. As хабарига кўра, таркиб эълон қилиниши аввалига 18 май кунига белгиланганди.

Лекин шу куни 34 ёшли ҳавбек каталонияликлар жамоаси билан расман хайрлашади. Иньеста «ёшлар» жамоасидаги ўйинлари ҳам ҳисобга олинса, 22 йилдан буён «Барселона» таркибида эди.

Лопетеги ОАВ ва жамоатчилик эътиборини 2010 йилги жаҳон чемпионлигининг асосий сабабчиси бўлган Иньестадан бошқа мавзуга чалғитмаслик учун ҳам таркибни эълон қилишни кейинроққа сурган.

Россиядаги жаҳон чемпионати 14 июндан 15 июлга қадар бўлиб ўтади. Испания термаси B гуруҳида Португалия, Эрон ва Марокаш термаларига қарши тўп суради.