Гвардиола ўз совринини қўлга киритди
May 16, 2018, 9:26 a.m. 2103

Англия премьер-лигасининг 2017/18 йилги мавсумида энг яхши мураббий сифатида Пеп Гвардиола тақдирланди.

«Манчестер Сити» 47 ёшли каталониялик мутахассис билан Англия чемпионатида ғолиб чиқди.

Муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштирган манчестерликлар жамоаси мавсум якунига қадар 100 очко жамғарди, 106 гол урди, 32 ўйинда ғалаба қозонди, сафар ўйинларида 16 ғалаба қайд этилди, иккинчи ўрин билан орадаги фарқ 19 очкони ташкил этди. Буларнинг барчаси – АПЛ рекордларидир.

Мавсумнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун Юрген Клопп («Ливерпуль»), Шон Дайч («Бёрнли»), Рой Ҳожсон («Кристал Пэлас»), Рафаэль Бенитес («Ньюкасл») ва Крис Ҳьютон («Брайтон») ҳам даъвогарлик қилишганди.