Фото: Терма жамоадан чақирув олмаган Вагнер йиғлаб юборди
May 16, 2018, 2:48 p.m. 9154

«Бавария» ҳужумчиси Сандро Вагнер Германия терма жамоаси сафида 2018 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этмаслигидан хабар топгач, ўзини тутиб тура олмасдан йиғлаб юборган.

Терма жамоа бош мураббийи Йоахим Лёв унинг ўрнига Марио Гомесни жаҳон чемпионатига олиб кетишни маъқул кўрган. 30 ёшли футболчи бу ҳақида мюнхенликлар клуби машғулотлари вақтида хабар топганди. 

Вагнерни «Бавария»даги жамоадошлари ва клуб бош мураббийи Юпп Хайнкес қўллаб-қувватлаган. Хайнкес Лёвнинг ўрнида бўлганида Вагнерни терма жамоага чақирган бўлишини, унинг қарорини тушунмаганини айтиб ўтган.

Сандро Вагнер мавсум ярмида «Ҳоффенҳайм»дан «Бавария»га ўтганди. У мавсумда барча турнирлар доирасида 34 учрашувда майдонга тушиб, 15 гол урган ва 4 голга узатма берган.

У 2008-09 йилларда Германия ёшлар терма жамоасида 8 ўйин ўтказиб, 4 гол урган. Асосий термага эса 2017 йилги Конфедерациялар кубоги арафасида чақирув олган ва ўтган вақт давомида бундестим сафида 7 ўйинда майдонга тушиб, 5 голга муаллифлик қилганди.

Россиядаги жаҳон чемпионати 14 июндан 15 июлга қадар бўлиб ўтади. Германия термаси F гуруҳида Мексика, Швеция ва Жанубий Корея термаларига қарши баҳс олиб боради.