Миржалол Қосимов: «ОКМК клубининг устун томонларини билардик»
May 15, 2018, 11:32 p.m. 1287

Суперлига 12-туридан ўрин олган ОКМК - «Бунёдкор» (1:2) ўйинидан сўнг, меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов ва дубль соҳиби бўлган ҳужумчи Филип Раевац ўз фикрларини айтишди.

«Куни кеча Жиззахда оғир ўйин ўтказган эдик. Орадан икки кун ўтиб, яна бир қийин баҳсда иштирок этдик. ОКМК клуби жуда бақувват футболчилардан ташкил топгани ва стандарт вазиятларга эътибор қаратиши олдиндан маълум эди. Бўйдор футболчиларга қарши куч синашиш анчайин мушкул вазифа. Баҳс қизиқарли ва шиддатли кечди. Биринчи бўлимда ташаббус бизда бўлди. Бироқ иккинчи таймда рақиб ҳаракатлари ижобий томонга ўзгарди ва бу жиҳат бизга бир мунча қийинчилик туғдирди. Умуман, ўйин бошидан то охиригача мухлисларга ёқди, деб ўйлайман. Мана шундай мураккаб баҳсда ғалаба қозонганимиздан хурсандман», - деди Қосимов.

«Ўйинга пухта ҳозирлик кўрдик. Рақибнинг ўйин услубини яхши ўзлаштирган ҳолда, мураббийдан керакли кўрсатмалар олдик. Ўйлайманки, мураббий айтган кўрсатмаларни яхши бажардик. Голларим жамоага фойда келтирганидан жуда хурсандман. Кейинги ўйинларда ҳам фойдали голлар уришга ҳаракат қиламан» - деди Филип Раевац.