«ПСЖ» гегемонияси: Францияда йилнинг энг яхшилари маълум қилинди
May 14, 2018, 8:02 a.m. 5593

«ПСЖ» бош мураббийи Унаи Эмери 2017/2018 йилги мавсум якунлари бўйича Лига 1’нинг энг яхши мураббийи деб топилди. Бу ҳақда мусобақа матбуот хизмати «Твиттер»да хабар берган.

«ПСЖ» ҳужумчиси Неймар энг яхши ўйинчи деб тан олинди. Бразилиялик футболчи совринни ўз ҳамюрти, Бразилия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Роналдонинг қўлидан қабул қилиб олди.

Неймар «ПСЖ»га «Барселона»дан ўтган йилнинг ёзида ўтди. Париж жамоаси учун чемпионлик билан якунланган мавсумда 26 ёшли футболчи 19та гол урди ва 13та голли узатмага муаллифлик қилди. 

Лига 1’нинг энг яхши ёш футболчиси деб «ПСЖ»нинг яна бир аъзоси Килиан Мбаппе топилди. У парижликлар учун 28 ўйинда 13та гол урди ва саккизта голли узатмага муаллифлик қилди.

Эслатиб ўтамиз, «ПСЖ» Лига 1’даги чемпионликни 15 апрель куни расмийлаштирди. Ўша куни клуб Франция чемпионати 33-тури доирасидаги баҳсда «Монако»ни 7:1 ҳисобида таслим этди.