Чемпион ҳикоялари: Давид Де Хеа
May 14, 2018, 2:02 p.m. 4969

«Сэр Алекс дастлаб мени эндигина қадам босаятган гўдакка ўхшатган, кейинроқ эса, болакай юришни бошлади, деди»

Фото: Dailymail

Испания терма жамоаси базасидаги компьютер экранида Давиднинг «МЮ» таркибидаги дебют учрашувидаги лавҳалар кетмоқда. Ўшанда «Манчестер» «Ҳоторнс»да 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган, 20 ёшли дарвозабон учун эса ўзига, хос янги ҳиссиётлар бошланаётганди.   

«Вест Бромвич» ҳужумчиси Шейн Лонгнинг унчалик ҳам хавфли бўлмаган зарбаси унинг қўллари орасидан дарвозага кириб кетганди. Премьер-Лигада эндигина ярим соат ўйнаган дарвозабонга рақиб мухлислари «тешик девор» деб лақаб қўйишди, «Спорттсмэйл» колумнисти Жейми Реднапп эса, Давид ҳали «ўз формасига яраша ўсиб улгурмаган» деб ёзди. Жуда аниқ баҳо.

Албатта, ундан ҳам бадтар сарлавҳалар ҳам бўлган, Давид ўша кунларни жуда оғир бўлганини тан олади. «Вест Бромвич» футболчилари нозиккина испан йигити дарвозада у қадар ишончли эмаслигини тезгина пайқадилар ва юқорилатиб жарима майдонига тўп узата бошладилар. «Мен ўша тўпларга тегиниш учун ҳам ҳатто, жисмоний томондан кучим етмади. Бақувват рақиб футболчиларига яқинлаша олмасдим, улар осонлик билан мени четга суриб ташлардилар. Мен ўзгаришим кераклигини билдим, аммо бунинг учун вақт ва тажриба лозим бўларди» - деб эслайди Де Хеа. 

«Бу осон эмасди. Янги мамлакат, янги жамоа, бегона тил. Мен жуда ёш эдим. Бу ёшда кўп тенгқурларим эндигина университетга қабул қилинишарди, мен эса, шундай одамлар ичига тушиб қолгандимки, улар нафақат мавсумда ёки бирор ўйинда ғалаба қозониш, балки машғулотлардаги ҳар бир курашда ғалаба қозонишни ўйлардилар.

Рио Фердинанд, Видич, Эвра - бизда жуда тажрибали ва машҳур ҳимоячилар бор эди. Эсимда, Рио ва Падди менга «сен ҳали жуда ёшсан, тўғри, лекин бу ер «Манчестер Юнайтед» ва бу ерга энг яхшиларни қабул қиламиз» дегандилар.

Сэр Алекс Фергюсон тимсолида Де Хеа ҳақиқий суянчга эга бўлди. 2011 йилда жамоани тарк этаётган Ван Дер Сарга ўринбосар сифатида кўрилган ёш дарвозабонни кузатиш учун у аввалига дарвозабонлар мураббийи Эрик Стилни жўнатди. Стил дарвозабоннинг 20дан ортиқ ўйинини кузатгач, Фергюсоннинг ўзи шахсан Испанияга борди.

Айтишларича, ўша кунгача Фергюсон фақат икки марта «Манчестер Юнайтед»нинг ўйинини ўтказиб юборган экан. Биринчиси, 2000 йилда ўғлининг тўйи туфайли Манчестер дербисида қатнашмаган, ундан олдингиси эса, 1998 йилда оиладаги йўқотиш туфайли «Мидлсбро»га қарши сафар ўйинига бормаган. У учинчи марта, 2010 йилда «МЮ» нинг Лига кубогидаги «Скантроп»га қарши ўйинини ташлаб, «Валенсия» - «Атлетико» баҳсини стадиондан кузатди.

«Мени сотиб олаётганда, Фергюсон катта риск қилганди» - дейди Давид Де Хеа, - «аммо у менга биринчи рақамли либосни топшираётганда ўзига ишонаётганди. У ҳаммасини очиқ айтган, мен етарлича адаптацияга муҳтож эканим, бу йўл жуда узоқ ва қийин бўлиши ҳақида огоҳлантирганди. Эсимда, бу ҳақида илк бор газетада ўқиганимда, ишонмагандим. Улар 40 ёшли, тажрибали Ван Дер Сарга ўринбосар қидиришар ва асосий номзод мен эдим. Улар бу осон бўлмаслигини олдиндан тушуниб туришганди».

Ҳақиқатан ҳам қийин бўлди. Трансфердан кейин илк расмий ўйинда, «Манчестер Сити»га қарши кечган Суперкубок ўйинида етарлича хатолар бўлди. Кейин эса, Де Хеа номи жуда кулгили, бир томондан шармандали воқеада тилга олинди. Sun газетаси қўйидаги хабарни сарлавҳага чиқарди:  «Манчестер Юнайтед» дарвозабони дўкончада 1.19 фунт турадиган тешиккулчани ўғирламоқчи бўлди».

Ҳали сентябрь бошланмасдан, ҳатто Массимо Таиби, Манчестерда ўта муваффақиятсиз ўйнаб, таркибдан четда қолган дарвозабон, Де Хеанинг ўзига ўхшатиб интервьюлар берди. 

Шундай бўлса-да, ҳозирда испаниялик дарвозабон сўнгги беш йилнинг тўрттасида мавсумнинг энг яхши футболчиси деб (бу рекорд) эътироф этилди, Англиядаги олти йилда беш марта АПЛнинг рамзий терма жамоасидан жой олди, ушбу мавсумда йилнинг энг яхши футболчиси номинациясида номзодлар қаторидан қайд этилди. Де Хеа ушбу мавсумнинг 18 ўйинида дарвозасини қуруқ сақлаб, «Олтин қўлқоп» совринига эга чиқди. Шу ҳафта эса, у Англия кубоги финалида навбатдаги соврин учун майдонга чиқади.

Жамоадошлари уни деярли осмонларга кўтаришади. «Давидда ўзига хос нимадир бор. У иқтидор билан туғилган. Машғулотларда тўпни дарвозага тепиб, юз фоизлик ишонч билан ичимда «гол, гол, гол» деб хаёлдан ўтказаман, лекин қаердандир мушук каби Давиднинг панжалари пайдо бўлади ва тўп энди бошқа томонга учиб кечади. Уни олқишлашдан бошқа илож қолмайди» - деб кулади Андер Эррера.

«Баъзида ўйинларда у шунақа сейвлар қиладики, таърифлашга тил ожиз. Баъзи сейвларини телевизорда ўн марталаб такроран кўрсатишади, твиттер жинни бўлади, трибунадаги мухлислар ҳам. У эса ҳеч нарса бўлмагандек ўрнидан туриб, ўз ишини қилишда давом этади. Кўпинча, ўйин олдидан мени ҳаяжон босади, асабийлашиб қалтирай бошлайман. У эса олдимга келиб, қўлини елкамга қўяди - «Андер, ўзингни бос, хавотир олма, ҳаммаси яхши бўлади. Улар ҳар қанча дарвозамизга тепишлари мумкин, лекин гол бўлмайди, ахир мен турибманку?». Ҳаммаси шунақа оддий».

2016 йилда Англия кубоги ярим финалида у Ромелу Лукакунинг пенальтисини қайтарди. Ўйиндан кейин эса, унинг кайфияти жуда сокин эди: «Ҳа, қайтардим, қўй энди, эртага қаерга борамиз?».

Худдики, оддий талаба навбатдаги имтиҳонни топшириб, кейингисини бошлаётгандек. Унинг катта дарвозабон экани ҳам шундан билинади"

Хўш, Давид дунёнинг энг зўр дарвозабоними?

«Мен яхши ўйин ўтказяпман, аммо бу кам. Бундай мақомга эришиш учун бир неча йил шу даражани ушлаб қолишим ва совринлар ютишим керак. Ана ўшанда футболчи ўзини жаҳон миқёсида қиёслаши мумкин», - дейди Испания терма жамоаси дарвозабони.

Де Хеа Мадрид ёнидаги кичик шаҳарчада вояга етган. Фаолияти ҳам маҳаллий жамоанинг ҳужумчиси сифатида бошланди. Унинг жисмоний тарбия ўқитувчиси Мануэд Инфанте баланд бўйли, малласоч ўқувчиси ҳақида хотирлайди:

«Мен болаларга келажакдаги режалари ҳақида ёзишларини сўраганимда, Давид «Мен Петер Шмайхел каби бўлишни истайман» деб ёзиб берганди».

Бу икки дарвозабоннинг ўйин услуби бироз фарқ қилади. Йирик гавдали Шмайхел узун ва оёқлари билан ҳаракатланишни яхши кўрадиган Де Хеанинг ёнида кўпроқ дарвозабонга «ўхшайди». Аммо Эрик Стилнинг айтишича, Де Хеанинг қўлқоп размери (10-11) Шмайхелникидан (9) каттароқ экан. Ишониш қийин-а?

Оёқда тўпни қайтариш ҳақида гап борганда, Де Хеанинг юзида табассум югуради.

«Агар тўп траекторияси менга оёқ билан қайтаришга қулай бўлса, шундай қиламан. Баъзи мураббийлар ҳатто менга оёқ билан ўйнашни тақиқламоқчи ҳам бўлишган, лекин уддасидан чиқа олишмади. Бу менинг фишкам ва воз кечмайман».

«Олд Траффорд» ёқимтойига айланиш Де Хеа учун осон бўлмаган. Биринчи мавсумда жамоа жуда кўп гол ўтказиб юборди ва ҳато кўпгина мутахассислар Фергюсондан бошқа дарвозабонни синаб кўришни сўрай бошлади. Ўша мудҳиш Манчестер дербисида (1:6) дарвозани Де Хеа қўриқлаган ва бундай темпга тайёр эмаслиги кўриниб турарди.  

Де Хеанинг кўзида муаммолар бор ва у майдонда контакт линзалари тақишга мажбур. Илк йилларда баъзи машғулотларда у линза тақишни унутиб қўяр ва кўп хато қиларди. Фергюсон баъзи ёш футболчиларга фарқли ёндашиши ва кўпгина хатоларга кўз юмиши ҳолатлари бор. У Уэйн Руни ёки Криштиану Роналдунинг истеъдодига қаттиқ ишонган ва уларга бошқалардан ўзгача қараган. Фергюсон учун Давид худди шундай шогирдми, мураббий сабр кўрсата оладими, буни олдиндан билиш қийин эди. 

Де Хеа Англиядаги икки муҳим воқеани фаолиятидаги бурилиш нуқта сифатида эслайди. «Челси»га сафар олдидан кўпчилик хатолари кўпайиб кетган Де Хеанинг муҳим ўйинда тушмаслигини ва мураббий бу ўйинда ёш Бен Амосга ишонишини тахмин қилганди. Лекин Де Хеа яна асосий таркибда майдонга тушди. Ўша ўйинда ҳисоб 3:3 ҳисобида якунланган бўлса-да, сўнгги дақиқалардаги бир сейв Де Хеанинг обрўсини ошириб юборганди.

Хуан Матанинг жарима нуқтасидан ижро этган ўта қийин зарбаси дарвозанинг юқори бурчагига бораётганда Де Хеа тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборади.

«Ўша сейвдан кейин ўзимга бўлган ишонч орта бошлади ва кейинги ўйинларда фақат ижобий томонга ўзгара бошладим. Хуан ҳам ўша зарбани ҳозиргача эслаб юради».  

Иккинчи воқеа кейинги мавсумда рўй беради. «Тоттенҳэм»га қарши ўйиндан сўнг босим остида қолдим. Гари Невилл телевизорда танқид қилди ва ўйинда қўпол хатога йўл қўйганимни айтди. Ростан ҳам, жуда кўп яхши сейвлар қилган бўлсамда, ўша вазиятда хато қилгандим. Қор ёғиб турганда, юқорилатиб оширилган тўпга чиқа олмагандим».

Шундан бир неча ҳафта ўтиб «Реал»га қарши Мадридда майдонга тушишимиз керак эди. Фергюсон мени ўзи билан «Бернабеу»даги матбуот анжуманига олиб борди. У ўша ерда ўтирган журналистларга ҳам инглизчада, ҳам испан тилида менда ўзига хос катта истеъдод борлигини айтди».

Фото: talkSPORT

Унинг сўзлари ҳам эсимда. У мени илк қадамларини босаётган гўдакка қиёслади. У баъзида йиқилиб тушади, кейин яна ўрнидан туради, шу тариқа юришни ўрганади. Шу гапларни айтиб туриб, охирида «энди бола ишонч билан қадам ташлаяпти» деди ва бу билан менга тўлиқ ишонишини намойиш қилди. Ёнига мени, 21 ёшли дарвозабонни ўтказиб олиб, дунёнинг энг яхши мураббийи, Чемпионлар Лигаси ўйини олдидан менга ишонишини бутун дунёга эълон қилганди.

Ўзимга бўлган ишончим ортди. У менга нисбатан жуда сабрли бўлганини биламан. У ҳеч қачон бақирмади, қўполлик қилмади. Менга нима кераклигини у ҳис қилган ва ишонганди». 

Яхши ҳикоя. Фергюсоннинг ишончини қозонган Давид эртасига фаолиятидаги энг ёрқин ўйинларидан бирини ўтказди. У оёқлари билан ақл бовар қилмас сейвни амалга оширди ва жамоаси «Реал» майдонидан 1:1 ҳисобидаги дуранг билан қайтишига замин яратди. 

Фергюсон кетгач, жамоадаги аҳвол беқарорлашиб кетди. Айниқса, 2015 йилнинг ёзида эҳтирослар жунбишга келди, Де Хеа эса, бир оёғи билан Мадридда эди. Ёз бўйи давом этган трансфер сагаси августнинг сўнгги кунида кутилмаган натижа билан якунланди.

Луи ван Гаал Де Хеа Манчестерда энди ўйнашни истамаяпти, деб хулоса қилди дастлабки ўйинларда захирада қолдирди. Уни ҳатто иккинчи таркиб билан шуғулланишга мажбур қилишди. Ўша пайтларда у майдонга тушишни истамагани ҳақидаги турли фаразларни Де Хеа инкор қилади. Августнинг охиридаги ўша факт воқеасидан сўнг, дарвозабон Манчестерда қолгач, яна асосий таркибга қайтарилди. 

«Ўша воқеалардан кейин менинг илк ўйиним «Олд Траффорд»да «Ливерпуль»га қарши бўлганди. Луи ван Гаал бу ўйинда ўйнашим кераклигини айтди, лекин мен ўзимга ишонмаётгандим. Стадион мени қандай қарши олишини билмасдим.

Ўша ўйин олдидан жуда қийналдим, асабийлашдим. Мухлислар доим мени қўллаб-қувватлаб келишган, аммо ўша куни ишонч йўқ эди. Ахир мен Мадридга кетмоқчи бўлган, баъзиларнинг ўйлашича, илк турларда «МЮ» либосида тушишдан бош тортгандим. Аммо ўша куни кўп саволларга жавоб олдим. Улар ажойиб эдилар. Бутун стадион менинг исмимни қўшиқ қилиб айтаётганди. Мен учун бу жуда муҳим эди».

Де Хеа ван Гаални «pesado» деб таърифлайди. Бу испанча сўзнинг турли маънолари бор, бу ерга кўпроқ «зерикарли» деган маъно тушади. 

Фото: talkSPORT

Кўринишидан, Жозе Моуриньонинг ташрифидан сўнг, Де Хеа кўпроқ хурсанддек туюлади. Португалиялик мураббийнинг «МЮ» бошқарувига тайинлангандан кейинги илк иши Евро-2016 пайтида Де Хеа билан учрашиш бўлганди. Айнан Де Хеанинг тавсияси билан Моуриньо клубга дарвозабонни «Атлетико»даги даврида шуғуллантирган Эмилио Алавесни олиб келди. Ушбу мутахассис Де Хеанинг ўйинини кучайтириш учун қўллаган услублари орасида яқин масофадан кўзи боғлиқ ҳолда тўпларни қайтариш ҳам бўлган экан.  

Моуриньонинг бу эътиборига яраша Де Хеа айниқса шу йили ўзининг энг яхши мавсумини ўтказмоқда. У жуда кўп кўрсаткичлар бўйича, АПЛда етакчилик қилди, статистикага кўра, у «МЮ»ни 14 бор муқаррар голдан сақлаб қолди - бу ҳам лигада тенгсиз кўрсаткич. Де Хеанинг бу сейвларисиз «МЮ» бугунги 2-ўриндан анча узоқ бўлишини ҳамма билиб турибди.

Давиднинг отаси Хосе, «Хетафе»нинг собиқ дарвозабони, Де Хеанинг асосий танқидчиларидан биридир.

Фото: Dailymail

«Ёшлигимда у жуда қаттиққўл эди. Ҳозир бироз юмшоқроқ, балки ростан ҳам яхши ўйнаётганимгадир, лекин барибир кўп танқид эшитаман. У ҳар бир майда деталгача эътибор қаратади ва айтади. У мени илк қадамларимдан буён шуғуллантирган, унинг муносабати мен учун муҳим», - дейди Де Хеа.

Давиднинг Мадридга қайтиши ҳақидаги хабарлар ҳар трансфер ойнасида янгиланади ва ҳеч қачон тинмайдигандек. Лекин «Манчестер Юнайтед» дарвозабонини сақлаб қолишга умид қилмоқда. «Ноль фоиз» - Жозе Моуриньо Давиднинг жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақидаги саволга мана шундай жавоб қайтаради.  

«Ван Гаал даврида бироз ғалати эди. Тўртинчи ўрин - биз учун етарли эмас. Мен ғалаба қозонишни истайман. «Юнайтед»га чемпионлик менталитетидаги мураббий керак. Аввал Фергюсон бор эди, энди Моуриньо. У ҳар бир ўйинда ғалабани ўйлайди».

Фото: Marca

Европа чемпионати пайтида у билан гаплашганимда, менинг қолишимни ва биргаликда совринлар ютишимиздан умид қилишини айтди. Фергидан кейин таҳлил қилиш ҳам қийин бўлган жуда қийин даврларни бошдан кечирдик. Аммо энди биз катта нарсаларни хоҳлаймиз. Совринлар ютмоқчимиз. «Юнайтед»ни яна энг яхши қилиш, Чемпионлар Лигасига қайтариш, Англия турнир жадвалида пешқадамга айлантириш...»

Булар бугунги Де Хеанинг орзулари.

Daily Mail материали асосида Қ.Асланов тайёрлади