«ПСЖ» президенти «Реал»га кетиши айтилаётган Неймар ҳамда жамоа мураббийи бўйича муҳим баёнот берди
May 13, 2018, 12:13 p.m. 18153

«ПСЖ» президенти Носир Ал-Ҳилайфи жамоанинг бразилиялик форварди Неймар атрофидаги хабарларга муносабат билдирди.

«Ким у бу ерда қола олмайди деди? Кимдир шундай дедими? Ҳеч ким. У «ПСЖ» футболчиси ва у албатта шу ерда қолишни истайди. Унинг клуб билан шартномаси бор ва у 2000 фоизга клубда қолади», — дея қайд этган французлар клуби президенти Le Figaro мухбирига берган интервьюсида.

У шунингдек, мавсум якунида Унаи Эмери клубни тарк этишини тасдиқлаган.

«Биз янги мураббий номини тез орада, жуда тез вақт ичида маълум қиламиз. Эҳтимол эртага, ёки индин. Журналистлар яна бироз кутишсин», - дея қўшимча қилган президент.

Жамоанинг янги мураббийи Томас Тухель бўлиши кутилмоқда.

Неймар Парижга ўтган йил ёзида «Барселона»дан рекорд даражадаги 222 миллион евро эвазига келиб қўшилганди, кейинги вақтларда у Испанияга қайтиб, «Реал» таркибида фаолиятини давом эттирмоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалди.